Транспорт вазирлиги нақд пулда тўлов қилганлар жаримага тортилиши юзасидан муносабат билдирди

Сақлаш
09:31 / 08.01.2025 15 0

ОАВ ва ижтимоий тармоқларда жорий йилнинг 1 январидан автобусларга йўл ҳақи учун нақд пулда тўлов қилганлар жаримага тортилиши ҳақида хабарлар тарқалмоқда. Мазкур ҳолатга Транспорт вазирлиги эътибор қаратиб, расмий муносабат билдирди.

 

Муносабатда таъкидланишича, ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳар автобус йўналишларида нақд пулда тўлов қилган йўловчилар жаримага тортилиши тўғрисида асоссиз маълумотлар жойланмоқда.

 

Нақд пулда тўлов қилиш тўхтатилгани сабаб, вазирлик нақд пулда тўламоқчи бўлган фуқароларга Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 144-моддаси қўлланилишини эслатиб ўтган.

 

Жумладан, ушбу моддада йўловчининг троллейбусда, трамвайда, шаҳар ичида ва шаҳар атрофига қатнайдиган автобусда чиптасиз юриши БҲМнинг ўндан бир қисми миқдорида жарима солишга сабаб бўлиши ҳақида сўз боради.

 

«Ўз вақтингизни ва маблағингизни тежаш учун автобусларда йўл ҳақини 1700 сўм эвазига электрон тўлов турлари, яъни банк карталари, мобил иловалар ҳамда АТТО транспорт ва виртуал карталари орқали амалга оширишингизни тавсия қиламиз!» дейилади муносабатда.

 

Маълумот учун, Тошкент шаҳрида 2025 йил 1 январдан бошлаб, автобуслар салонида нақд пул қабул қилиш амалиёти тўхтатилган.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//