Вазирлик болалар ўртасида янги вирус тарқалгани ҳақидаги хабарларга муносабат билдирди

Сақлаш
15:32 / 06.01.2025 22 0

Ижтимоий тармоқларда Республика педиатрия маркази бемор болалар билан тўлгани, уларнинг бир қисми янги вирусга чалингани айтилган хабарлар тарқалмоқда.

 

Мазкур хабарлар юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги расмий муносабат билдирар экан, аввало, болаларнинг метапневмовирусга чалингани хусусидаги маълумотлар мутлақо асоссизлигини маълум қилди.

 

Янги йил арафасида Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт марказининг жами бешта — Чақалоқларни парвариш қилиш, Чақалоқлар патологияси ва реанимацияси, Гепатология, Нефрология ҳамда Умумий педиатрия бўлимларида профилактик ювиш-тозалаш ва зарарсизлантириш ишлари амалга оширилган бўлиб, мазкур бўлимларнинг барчаси бугун, 6 январь кунидан қайта очилган ва бу ҳолат табиий равишда беморлар оқими нисбатан ортишига сабаб бўлган.

 

«Қолаверса, марказ ижтимоий тармоқлардаги хабарларда қайд этилган юқумли касалликларга чалинган беморларни қабул қилиш ва даволашга ихтисослаштирилмаган», дейилади ССВ муносабатида.

 

Вазирлик ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларидан турли асоссиз ва текширилмаган хабарларни тарқатмасликни сўраган.

 

Олдинроқ бутун дунёда тарқалаётган вирус Ўзбекистонда ҳам аниқлангани хабар қилинган эди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//