Илм-фан
Бир вақтнинг ўзида минглаб нарсаларни кўриб чиқаётганингизда, нега уларнинг фақат биттасига эътибор қаратасиз? Масалан, иш билан банд бўлган ходим айнан янги йил таътили ҳақида ўйлаганда нима учун унинг диққати реал жараёндаги машғулотидан қочади? Сиз бу ҳақида ҳеч бош қотириб кўрганмисиз?
Хавотир олманг, сиз бу ҳақида қайғуришингиздан олдин олимлар аллақачон тадқиқотга қўл уриб бўлишди. Улар инсоннинг фикрлаш тезлигини ўлчади. Маълум бўлишича, инсон мияси секундига 10 бит тезликда ишлар экан. Таққослаш учун, битта оддий WiFi роутери секундига 100 мега бит тезликда ишлайди.
Одам танасининг ҳар бир қисми мияга ахборот етказиб туради. Бу эса сониясига триллион бит маълумот дегани. Бироқ мия уларнинг ҳаммасини ҳам қабул қилмайди. Шунчаки бу ақлга сиғмас ҳажмни эгаллаб кетадиган ахборотлар учун инсон мияси 10 битгина «тешик» очади. Агар ўхшатиш қилинса, бу бутун бир шаршарани сомон тешигидан ўтказишдек гап.
Энди яна савол туғилади. Одам боласи улкан салоҳиятга эга бўла туриб, қандай қилиб маълумотларни бунчалик секин қабул қилади? Қолган ахборотлар қаерга кетади? Бунинг жавоби эволюцияда. Тахминларга кўра, одамзод заминга илк бор оёқ қўйганида унинг мия фаолияти фақат озиқ-овқат топиш ва хавфдан қочиш ҳақида ўйлаш билан чекланган.
Таъкидлаш керак, бу ерда гап инсоннинг ҳаракат жараёнида фақатгина бир нарсага диққат қила олиши ҳақида кетмоқда, тафаккур ҳақида эмас.
Олимларнинг фикрича, бундай чеклов инсоннинг фойдасига ишлаши мумкин экан. Чунки у яшаётган дунё ҳар сонияда ўзгармайди ва агар биз барча маълумотларни қайта ишласак, биз шунчаки ақлдан озган бўлардик. Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, сонияда 10 бит бизнинг атроф-муҳитимизни бошқариш учун керак бўлган минимал миқдордир.
Хўш, келажакда биз компьютерлар ёрдамида космик тезликдаги фикрлашга эриша оламизми? Тадқиқот натижаларига кўра, ҳатто тўғридан-тўғри нейрон интерфейс ҳам тезлашишимизга ёрдам беролмайди. Миямиз ўша вақтда ҳам секундига 10 бит билан ишлашда давом этади.
Мия функцияси сирлидир. Унинг сезгилардан келадиган маълумотни атайлаб фильтрлаши фақат энг муҳим маълумотларни қабул қилишга имкон яратади. Ва бу, эҳтимол, бундай шовқинли дунёда қандай қилиб ўйлашимиз ва қарор қабул қила олишимизни тушунтирадиган калит бўлиши мумкин.
Аслида бу тадқиқот мия фаолиятини тўла-тўкис очиб беролмайди. Мия тезлигининг сири тўлиқ очилмаган. Миямиз нима учун шундай ишлашини тушунишга ёрдам берадиган янги кашфиётлар эса ҳали олдинда кутмоқда.
Илм-фан
Жамият
Сиёсат
Жамият
Жамият
Жаҳон
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
Изоҳ йўқ