
Жамият
Олий Мажлис Сенати Ёшлар, хотин-қизлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси аъзоси Малика Кадирханова томонидан Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси раиси Абдурашид Журабоевга сенатор сўрови юборилди.
Маълум бўлишича, сўровда жисмоний имконияти чекланган шахслар учун инфратузилмавий шароитларни яхшилаш, хусусан, радиотармоқ объектларида хавфсиз ва қулай меҳнат муҳитини таъминлаш масалалари кўтарилган.
Жумладан, Тошкент шаҳрида олиб борилган ўрганишлар натижасида радио соҳасида фаолият юритувчи ташкилотларнинг моддий-техник ҳолатини яхшилаш борасида муайян ишлар амалга оширилганлиги, шу билан бир қаторда Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясига қарашли Тошкент радио эшиттириш уйи биносида узоқ йиллардан буён ўз ечимини кутаётган муаммолар мавжудлиги аниқланган.
Таъкидланишича, мазкур бино 1966 йилда қурилган бўлиб, 5 қаватдан иборат. Унда «Ўзбекистон», «Ўзбекистон 24», «Ёшлар» радиоси, «Маҳалла» телерадиоканали, «Ўзбектелефильм» ДУК, «Мақом» ансамбли фаолият юритмоқда. Бинодаги ягона лифт 1982 йилда ишга туширилган ва 41 йил мобайнида фойдаланилиб келинган. Аммо 2023 йилдан бери ундан техник талабларга жавоб бермагани учун фойдаланилмайди.
Бугунги кунда лифтнинг ишламаслиги натижасида бинода фаолият юритаётган 600 га яқин ходим, 2 мингдан зиёд радиоэшиттириш ва кўрсатувларда иштирок этувчилар, шу жумладан, ногиронлиги бўлган шахслар ва кекса ёшдаги ходимлар жиддий қийинчиликларга дуч келмоқда.
Шунингдек, бинонинг юқори қаватларига чиқиш учун ногиронлиги бўлган шахсларга зарур бўлган қулайликлар – пандуслар, махсус тўсиқлар ва ногиронлар аравачаси учун кўтаргич ускуналар мавжуд эмас. Бу эса меҳнат унумдорлиги ва меҳмонларга кўрсатиладиган хизмат сифатига ҳам салбий таъсир кўрсатмоқда.
Бундан ташқари, сўровномада Тошкент радиоэшиттириш уйи мутасаддиларининг такрорий мурожаатларига қарамай, лифтни янгилаш ёки муқобил инфратузилмани жорий этиш юзасидан амалиётда тегишли чоралар кўрилмагани ҳақида ҳам сўз борган.
Сенатор сўровида ушбу муаммони бартараф этиш мақсадида лифт тизимини замонавий талаблар ва хавфсизлик меъёрларига мос ҳолда янгилаш, имконияти чекланган шахслар учун қулай шароитлар яратиш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида асосланган маълумот тақдим этиш сўралган.
Жамият
Жамият
Жаҳон
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
Изоҳ йўқ