Жаҳон
ЮНEСКОнинг тақдим қилган маълумотига кўра, инфлюенсерларнинг (блогер) 62 фоизи маълумотни улашишдан олдин текширмайди. Бу эса, албатта, аҳоли орасида сохта маълумотларнинг тарқалишига ва жамоатчилик ишончининг пасайишига олиб келиши мумкин.
Мазкур хулоса тадқиқот таҳлилига асосланган бўлиб, ЮНEСКО айнан ижтимоий тармоқларга таъсир ўтказувчилар (блогерлар) иштирокида сўровнома ўтказган. Унда респондентларнинг ярмидан кўпи (62 фоизи) контентни ўз обуначилари билан бўлишишдан олдин унинг тўғрилигини текширмаслигини айтган.
2024 йил август ва сентябрь ойларида ўтказилган тадқиқотда 45 мамлакатдан 500 нафар рақамли контент яратувчилар қатнашган. Улар камида 1000 дан ортиқ обуначига эга.
Блогерларнинг тахминан учдан бири маълумотни ўзлари ишонган манбадан олгани сабабли унинг ҳақиқийлигини текширмасдан баҳам кўришини, 37 фоизи маълумотни факт-чекинг қилувчи сайтлар ёрдамида текшириб, кейин ўз контентларини тарқатишини маълум қилган.
Бундан ташқари, ахборот тарқатувчиларнинг ҳар 10 нафардан 4 нафари маълумотларни машҳурлик даражасига қараб танлар экан. Яъни агар маълумот кўпроқ «like» йиғган ва кенг тарқалган бўлса, уларнинг хулосаси бўйича ўша маълумот тасдиқланган ва ишончли. Ҳар 5 нафардан бир нафарининг ишонч манбаи эса маълумотни улашган дўсти ёки экспертдир. Сўровда қатнашган блогерларнинг атиги 17 фоизигина ҳужжат ва далиллар ишончлилик манбаси бўлишини таъкидлаган, холос.
«Ахборотни танқидий фикрлаш орқали текширишнинг етишмаслиги блогерларнинг медиа саводхонлик кўникмаларини, шу жумладан, ишончли фактларни текшириш ресурсларини аниқлаш ва улардан фойдаланишни кучайтириш зарурлигини кўрсатади», деб ёзади ЮНEСКО ўз хулосасида.
Таъкидлаш лозим, ушбу тадқиқот жараёни 2024 йилги АҚШ президентлик сайловларидан кейин бошланди. Маълум бўлишича, сайловда айнан блогерлар сайловчилар учун асосий ахборот манбаи бўлган. Сайлов кампанияси давомида (ҳозирги) президент Доналд Трамп ва вице-президент Камала Харрис сайловчиларга тўғридан-тўғри мурожаат қилиш учун миллионлаб обуначига эга бўлган Жо Роган ва Алекс Купер хизматидан фойдаланган.
Pew тадқиқот марказининг сўнгги ҳисоботи шуни кўрсатдики, 18 ёшдан 29 ёшгача бўлган америкалик ёшларнинг деярли 40 фоизи янгиликларни мунтазам тарзда блогерлардан олиб келади. Ушбу ахборот тарқатувчиларнинг аксарияти эса ҳеч қачон янгилик тарқатувчи ташкилотларда ишламаган.
Pew томонидан ўтказилган сўровнома эса ўрта ёшли ва ундан катта бўлган америкаликларнинг ярмидан кўпи янгиликларни ижтимоий тармоқлар орқали кузатиб бориши ҳақида маълумот беради
«Манбаларнинг ишончлилигини баҳолаш ва фактларни текшириш учун кўникма ва воситаларга эга бўлган журналистлардан фарқли ўлароқ, рақамли контент яратувчилар бу соҳаларда расмий тайёргарликка эга эмас. Бу эса улар томонидан тайёрланган контентнинг асосли маълумотлар билан тўғри таъминланишида қийинчиликлар туғдириши мумкин», деб ёзади ЮНEСКО.
Тадқиқотда ёзилишича, инфлюенсерлар одатда ҳукумат томонидан чиқарилган ҳисоботлар ва ҳужжатлар каби расмий маълумот манбаларига таянмайди. Масалан, сўровда қатнашганларнинг берган кўрсатмаларига кўра, ҳар 10 нафар блогернинг 6 нафари маълумот манбаи деб ўз тажрибасидан ўтган жараёнларни назарда тутган. 40 фоизига яқини эса контент тайёрлашда ўзларининг тадқиқотлари ва экспертлар билан бўлган суҳбатларга таянган.
«Мен жойлаштирган ҳамма нарса ўз ҳаётий тажрибамдан олинган материалларга асосланган», дея ўз фикрини билдирган хитойлик блогер Чжан Чжаоюан.
Тадқиқотда яна бир эътибор қаратиладиган жиҳат шуки, контентларни тарқатиш жараёнида блогерларнинг 53 фоизи молиявий ҳомийни очиқлайди, 7 фоизи эса яширади.
Илм-фан
Жамият
Жамият
Жамият
Жаҳон
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
Изоҳ йўқ