Пайшанба жисмоний тарбия ва спорт куни сифатида белгиланди

Сақлаш
11:32 / 19.12.2024 23 0

 

Шавкат Мирзиёев 18 декабрь куни «Ёшларнинг спорт билан мунтазам шуғулланиши учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш тўғрисида»ги қарорни имзолади.

 

Ҳужжат спорт мактаблари фаолиятини янада такомиллаштириш, хусусий спорт клублари ҳамда маҳаллаларда спорт тўгаракларини ташкил этган тренерларнинг ёшларни мунтазам спорт билан шуғуллантириш борасидаги фаолиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида қабул қилинган.

 

Қарор билан Спорт вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликларининг ҳафтанинг ҳар пайшанба кунини жисмоний тарбия ва спорт куни сифатида белгилаш тўғрисидаги таклифига розилик берилган.

 

2025/2026 ўқув йилидан:

 

спорт мактабларини спорт турларига ихтисослаштириш амалиёти жорий этилади;

 

спорт мактабларида оммавий спорт бўйича тренер-селекционер лавозими жорий этилади;

 

ҳар бир оммавий спорт бўйича тренер-селекционерга 5 тагача маҳалла ва унинг ҳудудидаги давлат таълим муассасалари бириктирилади;

 

оммавий спорт бўйича тренер-селекционер ўзига бириктирилган ҳудудда «Беш ташаббус олимпиадаси», «Жисмоний тайёргарлик даражаси» спорт синовларини ўтказиб боришга масъул ҳисобланади.

 

Спорт вазирлигининг 2025/2026 ўқув йилидан бошлаб ҳудудлардаги олимпия ва миллий спорт турлари бўйича давлат ихтисослаштирилган мактаб-интернатлари фаолиятини янгича тартибда ташкил қилиш тўғрисидаги таклифи маъқулланди:

 

олимпия ва миллий спорт турлари бўйича давлат ихтисослаштирилган мактаб-интернатлари негизида амалдаги молиялаштириш тартибини сақлаб қолган ҳолда спорт турлари бўйича маҳорат мактаблари ташкил қилинади;

 

маҳорат мактаблари фаолияти спорт турлари бўйича иқтидорли ёш спортчиларни саралаб олиш ва уларни терма жамоаларга асосий номзод сифатида тайёрлашга йўналтирилади ҳамда алоҳида спорт турларига ихтисослаштирилади;

 

маҳорат мактаблари ўқувчи-спортчиларининг умумий контингенти жами 150 нафардан кўп бўлмаган миқдорда 7−11-синф ўқувчиларидан иборат бўлади;

 

маҳорат мактаблари ўқув дастурини ўзлаштирган ва якуний давлат аттестациясидан ўтган 11-синф битирувчиларига давлат намунасидаги умумий ўрта таълим тўғрисидаги шаҳодатнома берилади;

 

маҳорат мактабларида озиқ-овқат билан таъминлаш харажатларини қисман қоплаш учун ота-оналар тўлови ундирилмайди.

 

Мазкур қарорнинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб спорт вазири Адҳам Икрамов белгиланди. Қарор ижросини муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш бош вазир Абдулла Арипов ва президент Администрацияси департаменти раҳбари Одил Абдурахманов зиммасига юкланган.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//