Камералар орқали 22 кунда 22,6 минг ҳайдовчига жарима баллари белгиланди

Сақлаш
14:45 / 23.04.2026 9 0

Ўзбекистонда апрель ойининг 22 кунида 22,6 минг нафар ҳайдовчи камералар орқали жарима баллари олди.

 

2026 йил 1 апрелдан бошлаб автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш тизимлари орқали аниқланган баъзи қоидабузарликлар, яъни светофорнинг тақиқловчи чироғига бўйсунмаслик, йўлнинг қарама-қарши бўлагида ҳаракатланиш, тўхташ ёки тўхтаб туриш қоидаларини бузиш, шунингдек, тезлик қоидаларини бузиш сингари қоидабузарликлар учун ҳам жарима балларини ҳисоблаш тартиби жорий этилди. Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати маълумотларига кўра, 22 апрель ҳолатига кўра, республика бўйича жами 22 638 нафар ҳайдовчи 5 баллдан жарима тўплаган.

 

ЙҲХБ ахборот хизмати раҳбари Зоир Йўлдошевнинг билдиришича, 22 кун давомида баъзи ҳайдовчилар 10 баллгача йиғиб олган ҳолатлар ҳам мавжуд. Жарима баллари 12 га етганда ҳайдовчилик гувоҳномасидан маҳрум қилиш кўзда тутилган.

 

«Биласиз, жарима бали олингандан сўнг уни бошқа ҳайдовчига қаратиш, кўчириш ёки бошқа услубларда ўчиришнинг умуман имкони мавжуд эмас. Ягона тартиб ва қоида эса йўл ҳаракат қоидаларига риоя қилишдир», деган Зоир Йўлдошев.

 

Ўзбекистонда жаримани автомобиль эгаси эмас, қоидабузар ҳайдовчи тўлайди. 2026 йил 1 апрелдан тегишли транспортни фуқаролик-ҳуқуқий муносабатлар асосида бошқариш ҳамда улардан фойдаланиш ҳуқуқини олган шахсларга йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жавобгарлик ўтказилгани ҳақида Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати органларини хабардор қилиш имконияти яратилган.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//