Жамият
Қонунчилик палатасида 17 декабрь куни бўлиб ўтган йиғилишда «Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси муҳокама қилинди.
Қонун лойиҳаси билан меҳнат ҳуқуқларининг тенглиги, меҳнат ва машғулотлар соҳасида камситиш, тазйиқ ва зўравонликни тақиқлаш принциплари такомиллаштирилмоқда. Яъни меҳнат жараёнида бошқа ходимга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик содир этган ёки таҳдид қилган ходимни иш берувчи ташаббуси билан бошқа ишга ўтказиш ёки ишдан бўшатиш амалиёти қўлланилиши белгиланмоқда.
Бундан ташқари, оилавий (маиший) зўравонликдан жабрланган шахслар аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифалари рўйхатига киритилиб, давлат томонидан уларни ишга жойлаштириш бўйича қўшимча кафолатлар таъминланиши белгиланмоқда.
«Меҳнат кодексида тазйиқ ва зўравонликни тақиқлаш асосий принциплардан бири этиб белгиланмоқда. Бунда зўравонликка учраган ходимларнинг ҳуқуқ-манфаатларини ҳимоя қилиш кўзда тутилмоқда. Бундай ходимларга қўшимча таътил бериш режалаштирилган. Иш берувчига ҳам шундай ҳуқуқ бериляпти. Яъни корхонасида шундай ҳолатлар содир бўлган бўлса, ходимни бошқа ишга ўтказиш ёки у билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилиш бўйича ҳуқуқий асос яратилмоқда», деб таъкидлаган депутат Нодир Тилаволдиев.
Шунингдек, унинг таъкидлашича, лойиҳада ишлаётган эркаклар фарзандли бўлганда, турмуш ўртоғига ёрдам бериш ва бошқа фарзандларига қараб туриши учун 5 кунлик таътилга чиқиши билан боғлиқ меъёрлар таклиф этилмоқда. Бунда ходимнинг иш ҳақи тўлиқ сақлаб қолинади. Шу кунга қадар миллий қонунчиликда бундай таътил назарда тутилмаган. Депутат қонунчиликка киритилаётган ўзгартиришлар меҳнат жамоаларида зўравонлик ва тазйиқнинг олдини олишини қўшимча қилган.
Илм-фан
Жамият
Жамият
Жамият
Жаҳон
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
Изоҳ йўқ