Президент “Escrow” тизимини қурилишга алоқадор вазирлик ва идораларда интеграция қилиш бўйича кўрсатма берди

Сақлаш
09:33 / 13.12.2024 22 0

 

Шавкат Мирзиёев уй-жой қурилишида аҳоли маблағларини кафолатлаш тизимига оид тақдимот билан танишди.

 

Қайд қилинишича, талаб кўплигидан фойдаланиб, бу соҳада инсофсиз бизнес қилаётганлар ҳам бор. Тўлов тизими тартибга солинмагани, рақамлаштириш ва очиқ-ошкоралик йўқлиги бунга йўл очиб бераяпти. Янги уйларни олмоқчи бўлган одамлар пулини банк орқали эмас, тўғридан-тўғри қурувчига бераётгани учун бу маблағлар «соя»да қолаяпти. Кўп ҳолларда уйларни топшириш муддати кечикиб, аҳоли тўлаган пуллар «музлаб» турибди. Улушдорлик шартномалари ҳеч қаерда рўйхатга олинмай, фақат қурувчининг манфаатига хизмат қилаяпти.

 

Шу боис давлат раҳбари 23-центабр куни қурилиш индустрияси бўйича ўтган йиғилишда уй-жой сотиб олишда аҳоли маблағларини кафолатлайдиган тизим яратиш топшириғини берган эди. Тақдимотда шу борадаги таклифлар кўриб чиқилди.

 

Қайд этилганидек, хорижий давлатларда «Escrow» тизими тажрибадан ўтган. Унга кўра, буюртмачи ва тижорат банки ўртасида тузиладиган шартномага асосан, ҳар бир қурилиш иншооти бўйича «Escrow» ҳисобварағи очилади. Кўчмас мулк учун келишилган маблағлар ушбу ҳисобварақ орқали амалга оширилади. Унда йиғиладиган маблағлар асосида тижорат банклари буюртмачига пасайтирилган фоизда кредит тақдим этади. Қурилиш битгач, харидорнинг ҳисобварағидаги пул девелопер ташкилотга ўтказилади. Қурувчи ўз мажбуриятини бажармаган тақдирда, бу пул эгасига қайтариб берилади. «Escrow» ҳисобварағида турган маблағларга ундирув қаратилмайди.

 

Президент таклифларни маъқуллаб, бу борада ҳуқуқий асос яратиш, мазкур тизимни қурилишга алоқадор вазирлик ва идораларда интеграция қилиш бўйича кўрсатма берди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//