Маданият
Рубоб ясаш ва чалиш санъати ЮНEСКОнинг Инсоният номоддий маданий мероси репрезентатив рўйхатига киритилди. Қарор 4 декабрь куни Парагвай пойтахти Асунсон шаҳрида ЮНEСКОнинг Номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш бўйича ҳукуматлараро қўмитасининг 19-сессиясида маъқулланди.
«Дунё» хабарига кўра, Ўзбекистон Тожикистон, Афғонистон ва Эрон билан биргаликда номзодлик ташаббуси билан чиққан.
Қўмита қарорида рубоб Марказий, Жанубий ва Жануби-ғарбий Осиёдаги энг қадимги мусиқа асбобларидан бири эканлиги таъкидланган.
Бу санъат маданий ва ижтимоий бирдамликни, маданий алмашинув ва ҳамжиҳатликни ривожлантиришга, шунингдек, таълим, гендер тенглик ва барқарор тараққиётга ҳисса қўшиши алоҳида қайд этилган.
Рубоб ясаш ва чалиш санъати Ўзбекистон ташаббуси билан ЮНEСКОнинг Репрезентатив рўйхатига киритилган инсониятнинг номоддий маданий мероси 16-элементи бўлди.
Жорий сессия давомида ЮНEСКОнинг Бутунжаҳон маданий ва табиий меросини муҳофаза қилиш тўғрисидаги конвенциясига аъзо 183 та давлатни ифодаловчи Қўмитанинг 24 та аъзо давлати конвенция рўйхатларига киритиш учун тақдим этилган 63 та аризани кўриб чиқади:
– Инсоният номоддий маданий меросининг Репрезентатив рўйхатига киритиш учун 58 та ариза (шу жумладан, бошқа давлатларнинг
буюртманомалари бўйича рўйхатга илгари киритилган элементларни кенгайтириш учун 5 та ариза);
– Муддатли муҳофазага муҳтож номоддий маданий мерос рўйхатига киритиш учун 2 та ариза;
– Номоддий маданий меросни сақлаш бўйича илғор тажрибалар реэстрига киритиш учун 3 та талабнома.
Элементлар Муддатли муҳофазага муҳтож номоддий маданий мерос рўйхатига киритилгандан сўнг амалга оширилган муҳофаза чораларининг ижобий натижалари муносабати билан Қўмита, шунингдек, Муддатли муҳофазага муҳтож номоддий маданий мерос рўйхати элементларини Инсониятнинг номоддий маданий мероси репрезентатив рўйхатига ўтказиш учун 3 та талабномани кўриб чиқади. Рўйхат ЮНEСКО сайтида мавжуд.
Инсониятнинг номоддий маданий мероси Репрезентатив рўйхатига киритиш учун берилган аризалар орасида Наврўз байрами ҳам бор. Аризалар Озарбайжон, Афғонистон, Ҳиндистон, Ироқ, Эрон, Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон, Покистон, Тожикистон, Туркия, Туркманистон ва Мўғулистондан топширилган.
2023 йилда ЮНEСКОнинг Инсоният номоддий маданий мероси репрезентатив рўйхатига Ўзбекистоннинг учта ижтимоий-маданий номинацияси – тазкира, ифторлик ва кулолчиликнинг бадиий безаги, 2022 йилда ипакчилик ва Хожа Насриддин латифалари киритилди.
Илм-фан
Жамият
Жамият
Жамият
Жаҳон
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
Изоҳ йўқ