Турмушга чиқишга мажбурлаганларга қонунчиликда қандай жавобгарлик бор?

Сақлаш
15:16 / 15.11.2024 27 0

Аёлни эрга тегишга ёки никоҳда яшашни давом эттиришга мажбур қилиш учун жавобгарлик белгиланганми?

 

Мазкур саволга «Адолат» миллий ҳуқуқий ахборот маркази ходими Мардиев Хабибулло жавоб берди.

 

«Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47(3)-моддасида никоҳ ёши тўғрисидаги қонунчиликни ёки никоҳ тузиш тартибини бузиш учун жавобгарлик белгиланган», дейди мутахассис.

 

Унинг таъкидлашича, ота-она ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан никоҳ ёшига етмаган шахсни эрга бериш ёхуд уйлантириш, базавий ҳисоблаш миқдорининг етти бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

 

Бундан ташқари, мазкур масалага оид норма Жиноят кодексининг 136-моддасида ҳам келтириб ўтилган.

 

Мазкур бандга кўра, аёлни эрга тегишга ёки никоҳда яшашни давом эттиришга мажбур қилиш ёхуд аёлнинг эркига хилоф равишда у билан никоҳда бўлиш учун ўғирлаш, шунингдек, аёлнинг эрга тегишига тўсқинлик қилиш — базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма беш бараваригача миқдорда жарима солинишига сабаб бўлади. Бундан ташқари, мазкур ҳаракатлар ҳуқуқбузарни уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазолашга ҳам асос бўлади.

 

«Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 76-моддасига биноан Оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда у жамият ва давлат муҳофазасидадир.

 

Никоҳ Ўзбекистон халқининг анъанавий оилавий қадриятларига, никоҳланувчиларнинг ихтиёрий розилигига ва тенг ҳуқуқлилигига асосланади», дейди «Адолат» миллий ҳуқуқий ахборот маркази ходими.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

Сиёсат

13:28 / 15.11.2024 0 35
Янгийўл шаҳри ҳокими ўзгарди

//