Пойтахтнинг 86 та ҳудудида пулли тўхташ жойлари ташкил этилади

Сақлаш
14:50 / 14.11.2024 51 0

Тошкент шаҳар ҳокимлиги пойтахт кўчаларида пулли тўхташ жойларини бошқариш ҳуқуқи учун аукцион ўтказадиган бўлди.

 

Бунда ижарага бериладиган майдонларнинг умумий ҳажми 262,8 минг квадрат метрни ташкил этади.

 

Мазкур ҳудудлар қуйидаги кўчаларни қамраб олади:

 

Учтепа ва Чилонзор туманлари – Кичик ҳалқа автомобиль йўли, Фарҳод, Лутфий, Чўпонота, Муқимий, Қатортол, Чилонзор, Арнасой, Есенин, Бешқайрағоч кўчалари;

 

Сергели ва Янгиҳаёт туманлари – Янги Сергели, Турсунзода, Алавия, Шокирариқ, Ислом Сатторов, Қипчоқ, Қўрғонтепа, Биродарлик кўчалари;

 

Олмазор ва Шайхонтоҳур туманлари – Лабзак, Себзор, Гулобод, Форобий, Белтепа, Қорақамиш, Қорасарой, Шимолий Олмазор кўчалари;

 

Бектемир тумани – Ҳусайн Бойқаро кўчаси;

 

Миробод тумани – Янги Қўйлиқ кўчаси;

 

Яшнобод тумани – Оҳангарон йўли кўчаси, Қуйи Толариқ, Сиветс, Қурувчилар кўчалари.

 

Шунингдек, шаҳарнинг марказий кўчалари – Амир Темур хиёбони, Мовароуннаҳр, Истиқлол, Яҳё Ғуломов, Ўзбекистон овози, Истиқбол, Содиқ Азимов, Тарас Шевченко, Шаҳрисабз, Яккачинор, Шастри, Маҳатма Ганди, Ҳамид Олимжон, Чехов ва бошқа кўчаларида пулли тўхташ жойлари ташкил қилиш режалаштирилган.

 

 

Бунда ижара муддати 3 йил бўлиб, дастлабки 2 йил ичида ижарачи бир қатор шароитларни яратиши лозим. Яъни, автотураргоҳларни жиҳозлаш, паркоматлар ва ҳаракатни ташкил этиш воситаларини ўрнатиш, шунингдек, коммуникация ва алоқани амалга ошириш учун камида 5 млн доллар сармоя киритиш кабилар шулар жумласидан.

 

Автотураргоҳдан тушган тушумнинг камида 1/12 қисми Тошкент шаҳар йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш жамғармасига ўтказилиши керак.

 

Шу билан бирга, ижарачи автотураргоҳлардан мақсадли ва қонуний фойдаланиш мониторингини таъминлаши лозим.

 

Йиллик ижара учун бошланғич нарх эса 57,21 млрд сўмни ташкил этади.

 

Паркинг учун берилган ҳудуддан бошқа мақсадларда фойдаланмаслик ва уларда бошқа шаҳарсозлик ҳамда тижорат объектларини жойлаштирмаслик талаб этилади.

 

Аукцион 25 ноябрь куни соат 10:00 да бўлиб ўтади. Аризалар ўша куни, соат 9:00 гача қабул қилинади.

 

Иқтисодчи Отабек Бакиров бу аукцион «бир қўлли парковка монополияси»га сабаб бўлишини таъкидламоқда.

 

«Агарда аукцион пойтахт маъмурияти истагандек ўтса, шаҳарда ягона Парковка қироли пайдо бўлади. Ғолиби олдиндан ёпиқ кабинетларда келишилмаган бўлмаса, бу жараённи аукцион дейишга тил бормайди», деб ёзади у.

 

Бакиров Рақобат қўмитаси ва Антикоррупция агентлиги пойтахтда парковка монополиясини яратиши мумкин бўлган, белгиларига кўра аукцион деб аташ қийин бўлган бу аукционни тўхтатишишига умид қилмоқда.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//