Паратсетамолни узоқ муддат қабул қилиш инсульт хавфини оширади

Сақлаш
12:35 / 14.11.2024 40 0

Паратсетамолни мунтазам равишда қабул қилган ҳар бир кишини шифокор огоҳлантиради, дея хабар берди Independent нашри доктор Семия Азиз сўзларига таяниб.

 

Хабарда ёзилишича, паратсетамолни узоқ вақт давомида қабул қиладиганлар бора-бора қон босимининг ошишидан азият чекади.

 

Доктор Семия Азиз ITV телеканалига берган интервьюсида мазкур дори воситаси ҳақида таҳлилий маълумотни тақдим қилар экан, у паратсетамолнинг юқори қон босимига дучор қилишини айтади.

 

«Ҳозирда биз паратсетамолнинг қисқа вақт ичида энг паст самарали дозасида бош оғриғи, иситма учун жуда яхши самара беришини биламиз. Аммо яқинда ўтказилган тадқиқот шуни кўрсатдики, паратсетамолни узоқ муддат, мунтазам равишда, масалан, артрит, сурункали оғриқлар учун қабул қиладиган одамларда қон босими кўтарилиши мумкин», дейди у.

 

Азизнинг қўшимча қилишича, бу препаратни қисма муддат билан қабул қилиш мумкин, бироқ агар мунтазам ичишга одатланиб қолганлар бўлса, улар ўз шифокорлари билан маслаҳатлашиши лозим.

 

«Паратсетамолни узоқ муддат давомида қабул қилиш юқори қон босимига дучор қилади. Қон босимининг кўтарилиши эса юрак-қон томир касалликлари, юрак хуружлари, инсульт хавфини оширади», дейди шифокор.

 

Хабарда келтирилишича, паратсетамолни узоқ муддатли қўллаш оқибатида келиб чиқадиган аниқ хавфлардан бири бу жигарнинг зарарланиши ҳисобланади. Чунки паратсетамол жигарда метаболизм жараёнига учрайди. Ҳаддан ташқари бу дорини ичиш жигарнинг хавфсиз қайта ишлаш қобилиятини бузади. Оқибатда эса жигар шикастланади. Агар препарат юқори дозада қабул қилинган бўлса, бу хавф янада тезлашиши мумкин.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//