Жиззахда “Адабиёт кунлари” бўлиб ўтмоқда

Сақлаш
15:33 / 23.12.2021 1107 0

Жиззах вилоят ҳокими томонидан тасдиқланган чора-тадбирлар режасига мувофиқ, 22-23 декабрь кунлари Жиззах вилоятида “Адабиёт кунлари” байрами бўлиб ўтяпти. Тадбирлар доирасида жиззахлик ёзувчи ва шоирларнинг юбилей тантаналари, ижодий учрашувлар ҳамда китоб тақдимотлари юқори савияда ташкил қилинмоқда.

 

 

Таниқли ёзувчи ва шоирлар иштирокидаги ижодий учрашувлар, китоб тақдимотлари каби тадбирлар замирида кенг жамоатчилик орасида бадиий адабиётни тарғиб қилиш, ёш авлод қалбида чин инсоний фазилатларни камол топтириш, жонажон Ватанга, она халққа нисбатан меҳр-муҳаббат туйғуларини юксалтиришдек улуғвор мақсадлар мужассам.

  

 

“Адабиёт кунлари”нинг 22 декабрь санасида Жиззах вилоят мусиқали драма театрида таниқли шоир Эргаш Муҳаммад Аторуҳ таваллудининг 80 йиллиги тантаналари ҳамда муаллифнинг Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан “Адиб ва жамият” рукни остида чоп этилган “Ярадор юрак” номли китоби тақдимоти ўтказилди.  Ғаллаорол туманида туғилиб ўсган таниқли ёзувчи Сойим Исҳоқ ҳам ижодий кечанинг азиз меҳмони бўлди.

  

Шунингдек, Жиззах давлат педагогика институти академик лицейида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ўринбосари, шоир Ғайрат Мажид, шоир Муҳиддин Aбдусамат, бош мутахассис Aҳмад Тўра, воҳанинг истеъдодли шоири Шоди Отамурод иштирокида шеърият кечаси ташкил этилди.

 

Меҳмонлар ўз нутқларида адабиётнинг инсоният, хусусан, ёш авлоднинг комил инсон бўлиб улғайишида аҳамияти беқиёс эканлигини алоҳида таъкидладилар ва энг сара ижод намуналарини ўқувчиларга туҳфа қилишди. Шу билан бирга Ёзувчилар уюшмасидан номидан лицейга 200 дона китоб туҳфа қилинди.

  

 

Адабиёт байрами бугун ҳам давом этмоқда.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//