Ўзбекистонда аҳолини рўйхатга олиш 2026 йилда ўтказилиши мумкин

Сақлаш
22:40 / 23.10.2024 51 0

Ўзбекистонда аҳолини рўйхатга олиш 2026 йил 15 июлдан 21 августга қадар ўтказилиши режалаштирилмоқда. Бу бўйича Президент фармони лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.

 

Лойиҳага кўра, аҳолини рўйхатга олишни ўтказишга кўмаклашиш бўйича ҳудудий комиссиялар тузилади.

 

Аҳолини рўйхатга олишни планшет қурилмалари ёрдамида ўтказиш учун 2024–2026 йилларда зарур техник ва дастурий воситаларни Жаҳон банкининг имтиёзли кредит маблағлари ҳисобидан белгиланган тартибда харид қилинади. Бунда Статистика агентлиги мазкур ишларни ташкил этишга масъул ҳисобланади.

 

Кадастр агентлиги эса 2025 йил 1 июлга қадар аҳоли пунктлари ва кўчалар ном белгиларини ўрнатиш, хонадон ва уйларни тўлиқ рақамлаш ишларини якунига етказилишини таъминлайди. Шунингдек, фармонда агентлик 2025 йил 1 ноябрга қадар аҳолини рўйхатга олиш учун зарур бўлган миқдорда картографик материаллар (шаҳар ва қишлоқ аҳоли пунктларининг янгиланган схематик режалари ва хариталари) билан тўлиқ таъминлаши лозимлиги белгилаб қўйилган.

 

2025 йил 1 сентябрга қадар маҳаллий ҳокимликлар ҳудудларнинг маъмурий-ҳудудий бирликлари чегараларининг ўзгариши, топономик объектларга ном берилиши ва уларнинг номлари ўзгариши бўйича тегишли маълумотларни ҳудудий статистика органларига ўз вақтида тақдим этиб борилади.

 

2026 йилда амалга ошириладиган рўйхатга олиш жараёни сабаб Олий Мажлис палаталарига 2025 йил 1 сентябрдан 2026 йил 1 сентябрга қадар республика бўйлаб маъмурий-ҳудудий бирликларнинг чегараларини ўзгартириш, топономик объектларга ном бериш ва уларнинг номларини ўзгартириш ишларини вақтинча тўхтатиб туриш тавсия этилмоқда.

 

Маълумот учун, Президентнинг 2019 йил 5 февралдаги фармонига мувофиқ, республикада аҳолини рўйхатга олиш тадбирини 2022 йилда ўтказиш белгиланган эди. 2020 йилнинг 16 мартида эса «Аҳолини рўйхатга олиш тўғрисида»ги қонун қабул қилинди. Бироқ 2020 йилда бошланган коронавирус пандемияси сабаб ушбу тадбирни ўтказиш 2023 йилга қолдирилган.

 

Шундай бўлсада, 2023 йилда ҳам Ўзбекистонда аҳолини рўйхатга олиш жараёни амалга оширилмади.

 

Жорий йилнинг март ойида қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Статистика агентлиги фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарори билан тасдиқланган «йўл харитаси»да эса аҳолини рўйхатга олиш ишларини 2025–2026 йилларда амалга ошириш белгиланган.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//