Жамият
Президент 15 октябрь куни Тошкент вилоятининг Олмалиқ шаҳрига ташриф буюриб, Олмалиқ кон-металлургия комбинати ва унинг Муҳандислик мактаби фаолияти билан танишди.
Ташриф аввало мазкур мактабдан бошланди.
Таълим масканида Германия тажрибаси асосида йилига 480 нафар муҳандис тайёрланади ва минг нафар ходимнинг малакаси оширилади.
Дарс жараёнлари, йўналиш ва мавзулардан келиб чиқиб, хорижлик профессор-ўқитувчилар иштирокида олиб борилади.
Ўқув дастури Германиянинг Фрайберг кончилик академияси, «GP Günter Papenburg AG» va «Aurubis AG» компанияларининг илғор таълим методологиялари асосида ишлаб чиқилган.
Давлат раҳбари мактаб ўқув хоналарида бўлиб, иш ўрганаётган ёшлар билан суҳбатлашди.
«Замон ўзгаряпти, ҳар бир соҳага инновациялар кириб келяпти. Шунга муносиб малакали кадр бўлиш учун доим ўз устингизда ишлашингиз керак. Комбинат тақдири рақамлаштиришда. Ҳар бир бўлимни, ишлаб чиқаришнинг ҳар бир босқичини рақамлаштириш зарур», – деди Шавкат Мирзиёев.
Ҳозирда Олмалиқ кон-металлургия комбинатида 3-мис бойитиш фабрикаси қурилаётган бўлиб, келгусида унда ишлайдиган мутахассислар ҳозирдан тайёрланмоқда.
Маълумот ўрнида, жорий йилнинг 20 июни муҳандислик соҳаларида кадрлар тайёрлаш ва олий таълим муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш масалалари юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтган эди. Унда биринчи босқичдаёқ 10 та олий муҳандислик мактаби ташкил этилиши айтилганди.
Ушбу муҳандислик мактаблари олий таълим муассасалари таркибида етакчи йўналишлар бўйича ташкил этилади. Уларда математика, физика, кимё, муҳандислик графикаси, информатика ва хорижий тиллар бўйича чуқур билим берилади.
Бакалавриат ва магистратура босқичлари 4+1 шаклида йўлга қўйилади.
Бунда ўз фаолиятини бошлаган мактабларнинг ҳар бири учун «тармоқ – корхона – олийгоҳ» занжирини мустаҳкамлаш мақсадида саноат ҳамкори белгиланади.
Талабалар 2-курсдан ихтисосликлар бўйича саралаб олинади ва саноат ҳамкорлари учун мақсадли кадрларга айлантирилади.
Саноат ҳамкорлари ўзи эса соҳа тараққиётидан келиб чиқиб, замонавий лабораториялар барпо қилади.
Бундан ташқари, мазкур мактабларнинг профессор-ўқитувчилари «Эл-юрт умиди» жамғармаси, тегишли ҳамкор ва университет маблағлари ҳисобидан етакчи хорижий муассасаларга малака оширишга юборилади.
Ташрифи давомида ана шу мақсадларга тўхталиб ўтилди.
Жамият
Жамият
Жамият
Илм-фан
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
Изоҳ йўқ