«Эл-юрт умиди» жамғармасининг 1-очиқ стипендия танлови натижалари эълон қилинди

Сақлаш
15:30 / 15.10.2024 76 0

«Эл-юрт умиди» жамғармаси Васийлик кенгашининг жорий йил 14 октябрдаги қарорига асосан 2024 йилги 1-очиқ стипендия танлови натижалари эълон қилинди.

 

Мазкур рўйхатга кўра, танловда муносиб қатнашган ва юқори бал тўплаган 411 нафар ёш «Жамғарма стипендиати» деб эътироф этилган.

 

Стипендиатларнинг 95 фоизи Буюк Британия, АҚШ, Италия, Австралия, Германия, Франция, Канада, Япония, Жанубий Корея ва Хитой каби ривожланган давлатларнинг нуфузли университетларида таълим олади.

 

Хабарда ёзилишича, умумий ғолибларнинг 60 фоизга яқини СТEМ (илм-фан, технология, инженерлик, математика), ИТ (ахборот технологиялари ва сунъий интеллект), муҳандислик ва ишлаб чиқариш, медицина ва фармацевтика, архитектура ва дизайн каби йўналишларда таълим олишни режалаштирмоқда.

 

«Янги Ўзбекистоннинг энг иқтидорли ва истиқболли ёшлари бўлгани сабабли стипендиатларимиз дунёнинг энг нуфузли ТОП-300 талик университетлари ва илмий марказларида таълим оладилар. Улардан намунавий ахлоқ-одоб ва ўқишни фақат «аъло» баҳоларда якунлаш талаб этилади», дейилади жамғарма хабарида.

 

Эндиликда стипендиатлардан икки ҳафта муддатда тегишли ҳужжатларни жамғармага тўлиқ ва белгиланган талаблар доирасида топшириш талаб этилмоқда.

 

Олдинроқ Ойина.уз «Эл-юрт умиди» жамғармаси ҳақида аудио-чат ташкил қилган эди. Унда хорижда таълим олмоқчи бўлган ёшлар учун энг муҳим тавсиялар бериб борилган.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//