Жамият
Ҳозирги вақтда ижтимоий тармоқларда ўқитувчи ва ўқувчи иштирокида юз берган зиддиятли ҳолатлар тасвирланган видеоёзувларга тез-тез дуч келмоқдамиз. Янгиликмаски, бундай хабарлар тарқалгач ваколатли ташкилотлар томонидан ўқитувчиларга чора кўргани, уларга ҳайфсан берилгани ёки ишдан ҳайдалганини зум ўтмай маълум қилинади.
Хўш, танганинг бошқа тарафидан қаралсачи? Бунда ҳам айб фақат ўқитувчида бўладими? Яъни аслида қилғиликни ўқувчининг ўзи қилган бўлсачи? Қонунчиликда мазкур томонга қандай тартибда чора кўрилиши белгиланган?
Юрист хизмати каналининг ёзишича, бу масалада Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг 2023 йил 31 августдаги 282-сон буйруғига мурожаат қилиш лозим. Мазкур ҳужжатнинг 1-иловасида умумий ўрта таълим муассасасининг такомиллаштирилган намунавий одоб-ахлоқ қоидалари тасдиқланган.
Жумладан, ушбу қоидаларнинг 15-банди, учинчи хатбошига кўра, ўқувчиларнинг ҳақорат қилиши ва беҳаё сўзларни ишлатиши таъқиқланган.
Мазкур қоидаларнинг 30-бандида эса ўқувчилар ички тартиб ва одоб-ахлоқ қоидаларини бузган тақдирда уларга қуйидаги тартибда чоралар кўрилиши белгиланган:
▪️ ота-онаси ёки бошқа қонуний вакилларини оғзаки ёки ёзма огоҳлантириш;
▪️ қоида бузилиш ҳолатлари такроран кузатилганда, ўқувчини муассаса ички назорат рўйхатига олиш;
▪️ ўқувчи билан вазирликнинг 2020 йил 18 декабрдаги 308-сонли буйруғи билан тасдиқланган йўриқнома асосида шуғулланиш;
▪️ ота-онаси ёки бошқа қонуний вакилларини муассасага таклиф қилиш, муассасага бириктирилган инспектор-психолог иштирокида суҳбат ўтказиш;
▪️ фарзанди тарбиясига масъулиятсизлик билан ёндашаётган таълим олувчиларнинг ота-онаси ёки бошқа қонуний вакилларининг иш жойига ёки маҳалла фуқаролар йиғинига маълумот юбориш каби.
Бундан ташқари, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 41-моддаси 1-қисмида ҳақорат қилиш, яъни шахснинг шаъни ва қадр-қимматини қасддан камситиш базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваридан қирқ бараваригача (7,5 млн сўмдан 15 млн сўмгача) миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши айтилади.
Маъмурий жавобгарликка тортилишда субъектнинг ёши 16 дан катта бўлишини инобатга олган ҳолда, мазкур кодексининг 47-моддасига эътибор қаратилади. Ушбу моддада вояга етмаган болалар маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этса, уларнинг ота-онаси маъмурий жавобгарликка тортилиши қайд этилган.
Хулоса қилинадиган бўлса, ушбу вазиятда ўқитувчи ўқувчининг устидан мактаб маъмурияти ёки мактабга бириктирилган инспектор-психологга шикоят қилиши мумкин.
Шунда ўқувчига (ёки унинг ота-онасига) маъмурий жавобгарлик ёхуд бошқа таъсир чоралари қўлланилади.
Жамият
Жамият
Жамият
Илм-фан
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
Изоҳ йўқ