Маданият
“Жамият равнақида иқтисод муҳим ўрин тутишини инкор этиб бўлмайди. Чўнтагингизда пулингиз бўлмаса, дуруст кийинолмайсиз, болаларингизни ўқитолмайсиз, уларга китоб олиб беролмайсиз (ўзи болаларимизга китоб олиб бераяпмизми?). Топармон-тутармон бўлсангиз ҳаётингиз тўкис, фаровон кечади. Аммо гап фақат моддий неъматларда эмас-да. Ён-атрофимизда моддий жиҳатдан бой-у, манан қашшоқ одамлар камми? Ҳашаматли уйларда яшаб, қимматбаҳо машиналарда юрадиган, тўй учун миллион-миллион сарфлайдиган, аммо касалманд қўшнисига биттагина дори олиб беришга ярамаётган кимсалар йўқми?..” “Бир ён маъсият, бир ён маъсумият” суҳбатида идеал жамият, лоқайдлик кайфиятидаги замондошлар ва маънавий ирода ҳақида сўз боради. Сиёсий фанлар доктори, профессор Нарзулла Жўраев билан бўлган суҳбатнинг тўлиқ матнини “Tafakkur” журналининг 2024 йил 3-сонида ўқинг.
“Мамлакатимиз равнақи учун ҳам мукаммал ўқув адабиётлари сув билан ҳаводек зарур. Ўзбекистонлик талабаларнинг дарсликлар халқаро стандартдан йироқ экани, амалиёт билан мустаҳкам боғланмгани хусусидаги эътирозларига кўп бора гувоҳ бўлганман. Олий таълимдаги устозлар имкон қадар ҳаракат қилаётгани аниқ, уларнинг фидокорона меҳнатини қадрламаслик инсофдан эмас. Бироқ мамлакат илм-фанига ичкаридан туриб қараш билан Токио каби глобал шаҳардан туриб назар солмоқ катта фарқ қилади. Дарсликларимизнинг глобал стандартлардан қай даражада ортда эканини, айниқса, чет элда магистратура ёки докторлик босқичида таҳсил олаётган юртдошларимиз яхши билади.” Япониянинг Нагоя Иқтисодиёт университети профессори, ўзбек фарзанди Алишер Умирдинов “Дунёни ўзбекча кўрмак орзуси” мақоласида Ўзбекистон ва жаҳон таълим тизими борасидаги фикр-мулоҳазаларини ўртоқлашади.
“Инсоннинг тахайюли саркаш, уни турли томонларга итқитади. Бинобарин, ҳаётда ҳамма йиқилганлар ҳам турмоққа куч топа олмайди ва барини тақдир ҳукмига йўйиб қўяқолади. Дангалига айтсак, кўпчилигимиз бу ёруғ дунёда нима қилаётганимизни англамаймиз, билмаймиз. Камина учун саволнинг жавоби оддий: атрофдагиларга (табиат, одамлар) беэътибор, лоқайд бўлмаслик, ўзаро кўмакка интилиш, ҳар дақиқа меҳнат, ижод-ла банд бўлиш, сабр-қаноатнинг этагидан тутиш, мудом ишонч ва эътиқодга суяниш.” Журналнинг “Маъно ва моҳият” рукнида сиёсий фанлар бўйича фалсафа доктори Аброр Юсуповнинг “Идрокнинг оғиш нуқтаси” мақоласини ўқийсиз.
Журналнинг кейинги саҳифаларидан “Қуллик қасирғаси”, “Инсон аталмиш синоат”, “Генерал Жўрабекнинг қотили ким?” мақолалари, “Лоқайдлик музтоғлари” суҳбати, “Сусамбил” ҳикояси ҳамда “Орзулар ушалгувчи манзил” мутолааси, “Ақл билан меҳнат саломат бўлса...” эссеси ўрин олган. Журналнинг талқин ва тадқиқотлар рукнида “Миллат қандай тарбияланади?”, “Эътиқод қўрғони”, “Техника тараққиёти: завол ва камол”, “Виртуал дунё сабоқлари”, “Олти асрлик жумбоқ” мақолалари эълон қилинган.
“Моҳият жилолари” рукнида “Темирйўлдан сўз терган йўловчи” сарлавҳаси остида драматург Шароф Бошбековнинг ҳикматларини ўқийсиз. Жумладан, “Ўқувчи дидсизлигига ёзувчигина эмас, муҳит ҳам айбдор” фикри келтирилган. Журналнинг ушбу сонига хулоса ўрнида айтмоқчи бўлганимиз: “Tafakkur”ни ўқинг, дидингизни ўстиринг, муҳитингизни ўзингиз яратинг!
Жамият
Жамият
Спорт
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
Изоҳ йўқ