Ўткир Ҳошимовнинг 80 йиллигига бағишланган адабий кеча ўтказилди

Сақлаш
17:28 / 21.12.2021 1032 0

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Маданият вазирлиги ва бошқа тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда 20 декабрь куни  Ўзбек Миллий академик драма театрида Ўткир Ҳошимов ҳаёти ва ижодига бағишланган тантанали адабий-бадиий кеча ўтказилди.

 

Унда давлат ва жамоат арбоблари, ёзувчилар, шоирлар, адабиёт ихлосмандлари, ижодий ташкилотлар, ёзувчининг оила аъзолари, ёш ижодкорлар, талабалар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

 

 

Театр фойесида Ўткир Ҳошимов асарлари, унинг ҳаёти ва ижодига бағишланган китоблар, санъат асарлари кўргазмаси ташкил этилди. Тадбир аввалида давлат буюртмасига асосан Кинематография агентлиги томонидан ёзувчининг ҳаёти ва ижодига бағишлаб тайёрланган “Чироқ кўтарган одам” номли ҳужжатли фильм намойиш этилди.

 

Тантанали кеча Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Абдужаббор Абдувоҳидовнинг табрик сўзи билан очилди. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, халқ шоири Сирожиддин Саййид адибнинг бадиий асарлари моҳияти, ёш ижодкорларга кўрсатган ғамхўрлиги ҳамда адабий сабоқлари ҳақида сўзлади.

 

 

Шундан сўнг Ўзбекистон Қаҳрамони Иброҳим Ғофуров, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Хуршид Дўстмуҳаммад, адабиётшунос Шуҳрат Ризаев сўзга чиқиб, Ўткир Ҳошимовнинг ҳаёт ва ижод йўллари, инсоний фазилатлари ҳақида гапириб ўтди.

 

Тадбир давомида Ўзбек давлат драма театри актёрлари ижросида “Дунёнинг ишлари”, Қашқадарё мусиқали драма театри жамоасининг “Тўйлар муборак” спектаклидан парча намойиш этилди. Ўзбек Миллий Академик драма театри актёри Ихтиёр Отажонов ижросида ёзувчи қаламига мансуб “Лайлак”  номли саҳна кўриниши, Абдулла Қодирий номидаги ижод мактаби ўқувчилари томонидан “Дафтар ҳошиясидаги битиклар” китобидан намуналар ўқилди.  

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//