Жамият
Маълумки, аллақачон салқин ҳаво оқими мамлакатга кириб келди. Эндиликда ўткир респиратор вирусли инфекциялар (ЎРВИ) авж оладиган кунлар яқинлашмоқда. Бу эса шамоллаш ва грипп сингари мавсумий касалликлар болалар ўртасида кенг тарқалишига олиб келади.
Шундай ҳолатларда, яъни бола шамоллаш ёки гриппга чалиниш вақтида айрим ота-оналар шифокорга кўрсатиш ўрнига уй шароитида даволаш чораларини кўра бошлайди.
Соғлиқни сақлаш вазирлигининг хабарига кўра, ота-оналаринг бундай вазиятда шифокор тавсиясисиз, ўзбошимчалик билан амалга оширадиган нотўғри муолажалари қатор асоратларни келтириб чиқариши мумкин.
Масалан, айрим ёши катталар иситмаси юқори боланинг томоғини ёд ёки «зелёнка» билан артади. Бу эса янглиш хатти-ҳаракатдир. Сабаби, кичик ёшли беморнинг нафас йўли шиллиқ қавати жуда нозик, қолаверса, вирусдан яллиғланган ва шишган бўлади.
Борди-ю юқорида айтилган суртмалар билан боланинг томоғига ишлов берилса, шиллиқ қават жароҳатланиб, шиш катталашиб, ларингит юзага келиши ва бошқа асоратлар кузатилиши хавфи бор.
Энг афзали, тана ҳарорати 38,5 даражадан кўтарилганда, Паратсетамол ёки Ибупрофен беришдир. Аммо баъзи ота-оналар тиббиётдан яхши хабардор бўлмаган таниши, қўшнисини чақириб, Анальгин, Димедрол, Новокаин қўшиб, мазкур аралашмани иситма туширишда қўллайди.
Хабарда ёзилишича, бу мутлақо мумкин эмас. Чунки Анальгин қонни суюлтириб юборади. Димедрол эса болада йўтал пайдо бўлиб, бронхлари торайиб қолган пайтда асоратларни янада кучайтиради.
Шунингдек, аллергик йўтал, астма, юқори нафас йўлларининг яллиғланиши кузатилаётган болалар бор хоналарда исириқ тутатиш мумкин эмас. Боиси, тутун кичкинтой органларининг спазмини кўпайтириб, йўтални янада кучайтириш эҳтимоли мавжуд.
Тана ҳарорати кўтарилган болани қалин кийинтириш, кўрпа-адёллар ўраб-чирмаб ташлаш ҳам нотўғри. Чунки бу хатти-ҳаракат организмнинг иситмадан халос бўлишига тўсқинлик қилади.
Вазирлик хабарида шамоллаган болани кўп овқат ейиш ёки ичимлик ичишга мажбурламаслик кераклигини таъкидланади. Шамоллаш чоғида боланинг иштаҳаси пасаяди ва бу организмнинг табиий реакцияси ҳисобланади. Агар бола бундай пайтда кўп овқат ейиш ёки ичимлик ичишга мажбурланса, якунда кичкинтой ўзини ёмон ҳис қилиши ёхуд ҳазм қилиш жараёни бузилиши мумкин.
Тавсияга кўра, ЎРВИ ёки грипп ташхиси қўйилган болани ҳаво айланмайдиган ва нам хонада сақламаслик лозим. Бундай шароитда вируслар кўпайиши осонлашади ва беморнинг нафас олиши қийинлашади.
Энг муҳими, тумов белгилари кузатила бошласа, ўзбошимчалик билан ўғил-қизларга антибиотиклар бериш мумкин эмас. Бундай препаратлар вирусли хасталикларда ёрдам бермайди. Аксинча, акс таъсир кўрсатади.
Энг афзали, шамоллаш чоғида ва тана ҳарорати кўтарилганда кўп суюқлик ичиш касалликни тезроқ енгишга ёрдам беради.
Агар болада пневмониянинг илк белгилари кузатилса, шифохонада даволаниш тавсия этилади.
Спорт
Илм-фан
Жаҳон
Жамият
Жамият
Иқтисод
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
Изоҳ йўқ