«Маймун чечаги эпидемияси CОВИД-19 пандемияси даражасида глобал муаммо туғдирмайди» – ЖССТ

Сақлаш
17:25 / 21.08.2024 775 0

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Европа минтақавий бюроси директори Ханс Клюге дунёнинг қатор мамлакатларида мпох (маймун чечаги) вируси тарқалиши билан боғлиқ эпидемиологик вазият юзасидан баёнот берди.

 

Унинг таъкидлашича, ваҳимага берилишга ҳожат йўқ. Мпох эпидемиясини тўхтатишнинг имкони бор. Бунинг учун эса зарур профилактик чора-тадбирлар кучайтирилиши керак. Инфекция ўчоқлари аниқланган ва вирус тарқалиши хавфи юқори ҳудудларда вакциналар таъминотини ошириш лозим.

 

«Маймун чечаги коронавирус даражасидаги ўта жиддий муаммо эмас, Биз мпох вируси билан қандай курашишни биламиз», — деган Ханс Клюге берган баёнотида.

 

Шунингдек, у июнь ойи охирига келиб, жами 116 мамлакат, жумладан, Марказий Африка Республикаси, Бурунди, Кения ва Руандада касалланиш ҳолатлари қайд этилганини маълумот сифатида айтиб ўтган.

 

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг хабарига кўра, ҳозир қатор давлатларда вируснинг «Clade Ib» деб номланган янги штамми тарқалмоқда. Ушбу мутация Конго Демократик Республикасида 500 кишининг ўлимига сабаб бўлган.

 

Август ойи бошида эса Швецияда ҳам маймун чечагининг худди шу турини юқтирган беморлар рўйхатга олинган.

 

Британиялик олимларнинг фикрича, «Clade Ib» мутацияси бошқа штаммларга қараганда юқумлироқ ва нисбатан оғирроқ асоратларни келтириб чиқармоқда.

 

Гарчи юқорида айтилганлар ваҳимали эшитилсада, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти вакили Клюге «мпох вирусининг ҳар қандай штаммини тегишли эпидемиологик чора-тадбирлар ҳамда хасталикка қарши вакциналар орқали назорат қилиш ва жиловлаш мумкин», деган фикрда.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//