Жамият
Ижтимоий тармоқларда «Мадина шаҳрида хурмо экиб, савоб олинг» мазмунидаги ҳақ эвазига кўчат экишни ваъда қилаётган роликлар тарқалмоқда.
Маълум бўлишича, видеода Мадина шаҳрида дарахт экишнинг ажри катта экани, йиллар давомида савоби етиб туриши тарғиб қилинмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази мазкур масалани ўрганиб, ўз муносабатини билдирди.
Марказ бу ўринда аввало муносабатни асослаш учун ояту ҳадислардан мисоллар келтирган:
«Дарҳақиқат, кўчат экиш савоби улуғ амал. Аллоҳ таоло инсонга Ер юзини обод қилишни буюриб: «У сизларни ердан пайдо қилди ва унга сизни ободлиги учун қўйди», деб хитоб қилади (Ҳуд, 61).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қайси бир мусулмон дарахт ё экин эксаю, ундан қушми, инсонми ёки ҳайвонми еса, албатта, шу сабабли у учун садақа бўлур», деганлар» (Имом Бухорий ривояти).
Мўътабар манбаларда: «Инсон намоз ўқиб, рўза тутиб, садақа қилиб, савобини тирик ёки маййитга бағишласа бўлади ва савоби уларга етиб боради…», деб баён қилинган. Ушбу ояти карима, ҳадиси шариф ва шаръий масалалардан маълум бўладики, вафот этганларга атаб боғ қилиш орқали савобини бағишлаш ва кўчат экиш ажру мукофотли амаллардандир.
Шубҳасиз, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббатимиз чексиз, Ул зотнинг шаҳарларига севгимиз ҳадсиз, тупроқлари кўзимизга тўтиё. Бироқ, ҳозирги кунда айрим ҳамюртларимизнинг бир неча минг километр масофадан туриб, Мадина шаҳрида хурмо экишга буюртма бериши, ижтимоий тармоқларда кенг ёйиши ва бу ҳолатни оммалаштириши динга ҳам, мантиққа ҳам, суннатга ҳам тўғри келмайди.
Масалани диний жиҳатдан кўриб чиқадиган бўлсак, ояту ҳадисларда хайру эҳсонни яқинлардан бошлашга кўп кўрсатма келганига гувоҳ бўламиз. Қуръони каримда: «…Ота-онага, қариндошларга, етимларга, мискинларга, яқин қўшниларга, ён қўшниларга, ёнбошдаги соҳибларга, кўчада қолганларга ва қўлингизда мулк бўлганларга яхшилик қилинглар…» (Нисо, 36), деб кўрсатма берилган.
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бир саҳобага: «(Яхшиликни) ўзингдан бошла ва (аввало ўзингга) садақа қил, агар ундан бирор нарса ортиб қолган бўлса, аҳлингга (бер). Агар аҳлингдан бирор нарса ортиб қолган бўлса, қариндошларингга бер. Агар қариндошларингдан бирор нарса ортиб қолса, мана бу ва мана буларга бер», дедилар (Имом Муслим ривояти)«.
Фатво маркази кўчат экишдек хайрли ишларни энг аввал киши ўз уйи атрофидан бошлаши, янада ҳимматлилар бўлса, Орол денгизи атрофини обод қилиш зарурлигини таъкидлаган.
«Хулоса, баён этилган ояту ҳадисларга биноан юртдошларимизга аввало ўзлари яшаб турган уй-жойни обод қилишлари, яхши ниятлар ила ён-атрофга мевали ва манзарали дарахтлар экишлари энг савобли амалдир», деб ёзилади Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази муносабатида.
Илм-фан
Жамият
Сиёсат
Жамият
Жамият
Жаҳон
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
Изоҳ йўқ