Жамият
Бугун, 19 август куни Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги журналистлар учун пресс-тур ташкил қилди.
Бундан кўзланган мақсад 2024/2025-ўқув йилида талабаларнинг турар жой билан таъминланишидаги енгилликни оммага кўрсатишдир.
Таъкидланишича, эндиликда талаба турар жой қидириб сарсон бўлмайди. Сабаби, жорий йилнинг 1 августидан 10 сентябригача бўлган муддат оралиғида мазкур масалани ҳал этиш учун «долзарб қирқ кунлик» тадбирлари эълон қилинган бўлиб, бунда 15 августдан бошлаб барча олий таълим муассасасининг асосий бинолари ҳамда талабалар турар жойларига кириш қисмларида (камида 4 та жойида) «Талабалар турар жойларига жойлаштириш учун ёрдам кўрсатиш марказлари (инфокиосклар)» ташкил этилади.
Ушбу инфокиосклар орқали эса ижара хонадонлари базаси шакллантирилади ва талабалар гуруҳ тюторлари назоратида ижара хонадонларига жойлаштирилади. Энг асосийси эса, бу билан талаба уй топишдаги воситачилик ҳақидан халос бўлади.
Маълумот учун, 2023 йил якунига қадар талабаларни турар жой билан таъминлаш даражаси 54 фоизга етказилган.
Бундан ташқари, хонадонларда жойлашган талабаларга ижара ҳақи учун давлат томонидан моддий ёрдам берилиши ҳам сир эмас. Бунда Тошкент шаҳрида — базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари, қолган ҳудудларда — базавий ҳисоблаш миқдорининг ярим баравари миқдорида тўланади.
Шунингдек, яна бир янгилик. Эндиликда талабалар ётоқхонаси тадбиркорлар кўмаги билан ҳам қуриб борилади.
Белгиланган ҳудудда тадбиркор вазирлик тасдиқлаган эскиз асосида ётоқхона биносини ўз маблағига асосланиб қуради. Бу вақт оралиғида қурилиш биноси токи битгунича назорат қилиб борилади, яъни сифат назоратидан ўтади.
Шундан сўнг фойдаланишга топширилган бино тадбиркор ҳисобидан чиқиб кетмайди. У бинонинг 20 йиллик эгаси ҳисобланади. Яъни, тадбиркор мазкур бинога 20 йил эгалик қилади. Ана шу вақт мобайнида бинода турган талабалар тадбиркор ҳисобига пул ўтказади.
Бунда маблағ вазирлик белгилаган суммадан ошмайди, яъни тахминан ойига 300 минг сўм. Қолган тўлов давлат бюджетидан ажратилади. Бунда сумма БҲМнинг 2 баробари миқдорида (680 минг сўм) бўлади.
Шу ҳисобда, тадбиркор талаба ва давлат томонидан берилган пул орқали бинога сарфлаган харажатини чиқариб олади.
20 йил давомида мазкур қийматдаги тўловларни қабул қилган тадбиркор белгиланган давр тугагач бинони давлат ҳисобига ўтказади. Яъни, бино давлат балансига ўтади.
Бу орқали тадбиркор ҳам, талаба ҳам, шунингдек, давлат ҳам бирдек манфаатдор бўлади.
Маълумот ўрнида, умумий рўйхатдаги талабалар учун талабалар турар жойидаги ўринлар қуйидагича тақсимланади:
1-курс талабалари учун — 55–65 фоизи;
2-курс талабалари учун — 15–20 фоизи;
3-курс ва ундан юқори курс талабалари учун — 20–25 фоизгача ажратилади.
Юқоридаги ўринлар имтиёзга эга талабалардан ортгандан сўнггина кўрсатилган тарзда тақсимланади.
Қуйидаги талабалар ётоқхона билан таъминланишда устунликка эга:
▪️ «Меҳрибонлик уйлари» тарбияланувчилари, етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган талабалар;
▪️ «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри», «Темир дафтар» ва «Аёллар дафтари»га киритилган ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг фарзандлари ҳамда «Ёшлар дафтари»да турадиган талабалар;
▪️ И ва ИИ гуруҳ ногиронлиги бўлган талабалар;
▪️ бир оиладан бакалавриат босқичи кундузги таълим шаклида икки ёки ундан ортиқ тўлов-шартнома асосида ўқиётган оилалар фарзандлари;
▪️ халқаро фан олимпиадалари, Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан ўтказиладиган республика фан олимпиадаларида ғолибликни қўлга киритган талабалар;
▪️ «Йил талабаси» ва «Талабалар театр студиялари» кўрик-танловларининг республика босқичи ғолиби бўлган талабалар;
▪️ олий таълим муассасалари талабалари ўртасида ўтказилган «Заковат» интеллектуал ўйинининг республика босқичида ғолибликни қўлга киритган талабалар;
▪️ талабалар турар жойида талабалар кенгаши раиси, қават сардори бўлган талабалар.
Сиёсат
Илм-фан
Жамият
Сиёсат
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
Изоҳ йўқ