Президент Қорақалпоғистондаги бир қатор йирик лойиҳалар қурилишига старт берди

Сақлаш
22:37 / 19.08.2024 720 0

Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистон Республикасида шамол электр станциялари ва саноат корхоналари қурилиши бошланиши ҳамда савдо мажмуалари ишга туширилишида иштирок этди.

 

Президент матбуот хизматининг хабарига кўра, сўнгги беш йилда ҳудуддаги саноат, тадбиркорлик ва инфратузилма соҳаларида 50 дан ортиқ имтиёз ва енгилликлар берилган. Жумладан, инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун тўғридан-тўғри ер ажратиш ҳуқуқи фақат Қорақалпоғистонда жорий қилинган бўлиб, қиймати 50 миллиард сўмдан юқори лойиҳаларга инфратузилма ҳам тортиб берилмоқда.

 

Айнан мазкур имтиёзлар натижасида ўтган давр мобайнида 2 триллион сўмдан зиёд маблағ тадбиркорлар ихтиёрида қолган.

 

Таъкидланишича, ҳудудда ишбилармонлик инфратузилмасини яхшилаш учун 44,5 триллион сўм маблағ йўналтирилган. Натижада охирги йилларда 25 мингдан ортиқ янги тадбиркорлик субъекти пайдо бўлган.

 

Хабарда ёзилишича, Қорақалпоғистонда чет эл капитали билан ташкил этилган корхоналар сони ҳам кўпайиб бормоқда. Хусусан, бугунги кунда хорижий ва қўшма корхоналарнинг сони 175 тага етган(таққослаш учун, 2017 йилда – 73 та).

 

Ҳозирда ҳудуд иқтисодиётига туртки берувчи қарийб 9,5 миллиард долларлик 120 дан ортиқ янги йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда. Ушбу лойиҳалар 2025–2028 йилларда босқичма босқич ишга туширилади.

 

Бунинг натижасида 20 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилади. Шунингдек, 12 триллион сўмлик ишлаб чиқариш қуввати юзага келади ва бу бюджетга 500 миллиард сўм қўшимча улуш олиб келади.

 

Йиғилишда қурилиши бошланаётган ва ишга туширилаётган мажмуалар ва уларнинг мамлакат иқтисодий ўсиш суръатларида тутадиган ўрни ҳақида ҳам сўз борди.

 

Хабарда келтирилишича, 2030 йилга қадар Қорақалпоғистонда 11 миллиард доллар миқдоридаги тўғридан-тўғри инвестиция ҳисобига жами 10,3 гигаватт қувватга эга 10 та йирик шамол электр станцияси қурилиши режалаштирилган. Мазкур лойиҳалар тўлиқ ишга туширилса, йилига 35 миллиард киловатт соат «яшил» энергия олинади.

 

Шу билан бирга, қувват узатишда барқарорликни таъминлаш учун Қўнғирот, Беруний ва Қораўзак туманларида жами 400 мегаваттли 3 та электр энергиясини сақлаш тизими ҳам барпо этилади. Бугун ушбу лойиҳаларнинг бир нечтаси бўйича қурилиш ишлари аллақачон бошланмоқда.

 

Булар:

▪️ Хитойнинг «Sany Renewable» компанияси томонидан қуриладиган қиймати 1 миллиард 200 миллион долларлик 1 гигаватт қувватли шамол электр станцияси – Қўнғирот туманида;

▪️ Саудия Арабистонининг «ACWA Power» компанияси билан ҳамкорликда ташкил этиладиган қиймати 250 миллион долларлик 100 мегаватт электр энергиясини сақлаш тизимига эга 200 мегаватт қувватли шамол электр станцияси – Беруний ва Қораўзак туманларида.

 

Келгусида уларда йилига 4 миллиард 200 миллион киловатт соат ёки 1 миллион 750 минг хонадоннинг бир йиллик истеъмолига тенг «яшил» энергия ишлаб чиқарилади. Бу эса қарийб 1,3 миллиард метр куб табиий газ тежалиши ва атмосфера зарарланишини қарийб 2 миллион тоннага қисқаришига ёрдам беради.

 

Бундан ташқари, Қўнғирот туманида шамол турбинаси қисмлари, миноралари ва парракларини ишлаб чиқариш бўйича корхоналар қурилиши ҳам бошланмоқда.

 

Нукус туманида эса 24 миллион доллар инвестиция ҳисобига йилига 20 миллион дона иситиш радиаторлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.

 

Айни кунларда саноат, қишлоқ хўжалиги, туризм ва хизмат кўрсатиш соҳаларида ҳам 62 миллион долларлик 12 та лойиҳа ишга туширилмоқда. Айнан 19 август куни президент раҳбарлигидан ўтган очилиш маросимида улардан иккитаси – Беруний тумани ва Нукус шаҳридаги йирик савдо мажмуалари расман очилди.

 

Шавкат Мирзиёев рамзий тугмани босиб, янги иншоотларнинг қурилиши ва фаолиятини бошлаб берди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//