Энди ичимлик сувидан қарзи бор фуқароларга кредит берилмаслиги мумкин

Сақлаш
21:18 / 19.08.2024 734 0

Ичимлик сувидан қарздор истеъмолчиларга кредит бермаслик таклифи ишлаб чиқилмоқда, дея хабар берди Газета.uz.

 

Нашрнинг ёзишича, Ўзбекистонда истеъмолчиларнинг ичимлик суви ва канализация хизматларидан қарздорлиги салкам 1 трлн сўмни ташкил этмоқда.

 

«Ўзсувтаъминот» бошқарма бошлиғи Султонхўжа Дадабоев мазкур қарздорликнинг 715,2 млрд сўми жисмоний шахслар, салкам 250 млрд сўм эса юридик истеъмолчиларга тўғри келишини маълум қилган.

 

«Жами истеъмолчи аҳоли, яъни хонадонлар 5 миллионта бўлса, шундан 2 млн 408 мингтаси, яъни 50 фоизга яқин истеъмолчида қарздорлик мавжуд», — деган «Ўзсувтаъминот» бошқарма бошлиғи матбуот анжумани давомида.

 

«Ўзсувтаъминот» АЖ бўлим бошлиғи Шаҳбоз Сармановнинг сўзларига кўра, эндиликда ичимлик сувидан қарздор истеъмолчиларга кредит бермаслик тизими ишлаб чиқилмоқда.

 

«Бугунги кунда кредит ташкилотлари, яъни банклар билан интеграция жараёни йўлга қўйилиш арафасида. Ичимлик суви ва канализация хизматларидан қарзи бор истеъмолчига қарздорлик бартараф этилмагунича ҳар қандай турдаги кредитни бермаслик таклифи ишлаб чиқилмоқда. Агар истеъмолчининг номида уй бўлмасада, лекин у рўйхатда турадиган хонадон сув таъминоти тизимидан қарздор бўлса ҳам, кредит берилмайди. Айни пайтда ушбу тартибни йўлга қўйиш устида ишлар олиб бориляпти» дея «Ўзсувтаъминот» АЖ бўлим бошлиғининг сўзларини келтиради Газета.уз.

 

Шунингдек, Шаҳбоз Сарманов ҳозирда қарздор истеъмолчилардан қарзини ундиришни газ ва электр энергияси тизимлари билан боғлаш варианти ҳам кўриб чиқилаётгани, бу масала чуқурроқ таҳлил қилиниб, кейинроқ аниқ бир қарорга келинишини қўшимча қилган.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//