Наманган вилояти ҳокими ўринбосари 7,5 йилга қамалди

Сақлаш
20:42 / 19.08.2024 734 0

Наманган вилояти ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари лавозимларида ишлаган Саидаҳмад Султонов 7,5 йилга қамалди.

 

Kun.uz'нинг хабар беришича, Саидаҳмад Султонов тендер савдолари ўтказилмаган ва лойиҳа-смета ҳужжатлари расмийлаштирилмаган ҳолда вилоят ҳудудидаги бир нечта ички йўлларни қуриш ишларини оғзаки кўрсатмалар билан «Наманган қурилиш дизайн савдо» МЧЖга топширган.

 

Ҳоким ўринбосари бунда МЧЖ раҳбари ва бошқалар билан олдиндан тил бириктириб, бюджет маблағларини ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилинишига сабабчи бўлган.

 

Хусусан, бажарилмаган ишларни қўшиб ёзиш орқали мазкур жиноий шериклар томонидан 4 та ҳолатда қарийб 15,5 млрд сўм миқдордаги бюджет маблағлари, ўзлаштириш йўли билан, талон-торож қилинган.

 

Саидаҳмад Султонов ушбу 4 та ҳолатда йўл қурилиш объектларини ҳеч қандай тегишли ҳужжатларсиз «Наманган қурилиш дизайн савдо» МЧЖга топшириб, ўз вақтида молиялаштирилишига ёрдам берган.

 

У бунинг учун МЧЖ раҳбаридан 3 йил давомида улуш олиб турган (2021 йил декабрь ойида 10 минг доллар, 2022 йил ноябрь ойида 20 минг доллар, 2023 йил март ойида 20 минг доллар).

 

Kun.uz нашрининг ёзишича, Саидаҳмад Султонов ўзига Наманган вилояти ҳокимлиги балансидаги Cаптива машинаси бириктирилган бўлсада, 2020 йил июль ойидан 2023 йил декабрь ойига қадар Наманган вилоят қурилиш ва уй-жой коммунал бошқармаси балансидаги Ҳюндаи Туcсон машинасидан хизмат ва шахсий мақсадларда ҳам фойдаланиб келган. Бу даврда оралиғида эса у 13 359 литр бензин сарфлаб, давлат ва жамият манфаатларига 128 млн сўмдан ортиқ зарар етказган.

 

Бундан ташқари, Саидаҳмад Султонов тадбиркорлардан «Навбаҳор» футбол клубига ҳомийлик учун пул олиб, ўз шахсий манфаатларига ишлатиб юборган. Яъни, Султонов 2023 йил август ойида гўёки «Навбаҳор» футбол клубига ҳомийлик қилиш мақсадида «Строй мелио монтаж» ва «Насос таъмир» МЧЖ раҳбарларининг ҳар биридан 15 минг доллардан жами 30 минг доллар олиб бериш юзасидан «Сув таъминоти ва оқова сув объектлари қурилиши бўйича инжиниринг компанияси» УК Наманган вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғига топшириқ берган. Ўринбосар якунда тўпланган пулни олиб, футбол клубига бермаган ва шахсий ишларига сарфлаб юборган.

 

Султонов 2018 йил 26 ноябрь кунидан 2020 йил 20 октябрь кунига қадар Наманган вилоят қурилиш бош бошқармаси бошлиғи лавозимида фаолият юритиб, жуда кўп миқдордаги бюджет маблағларини растрата қилиш йўли билан талон-торож қилгани ҳам аниқланган.

 

Юқоридагиларнинг барчаси асослангандан сўнг Султонов суд ҳукми билан ЖКнинг 167-моддаси 3-қисмининг «а» банди (жуда кўп миқдорда ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш), 168-моддаси 4-қисмининг «а» банди (жуда кўп миқдорда фирибгарлик), 205-моддаси 2-қисмининг «а» бандида (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилган ва у 3 йил муддатга давлат иштирокидаги ташкилотларда, шу жумладан, ҳокимлик тизимида мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган.

 

Шу билан бирга, суд унга 7 йилу 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлаган.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//