Сенат Тадбиркорлик кодексини маъқуллади

Сақлаш
20:31 / 15.08.2024 1480 0

Сенаторлар 100 дан ортиқ ҳужжатни, жумладан, 9 та қонунни ўзида жамлаган Тадбиркорлик кодексини маъқуллади. Кодексда тадбиркорлар «кичик», «ўрта» ва «йирик» тоифаларга ажратилади.

 

Ўзбекистон Сенатининг 15 август кунги 55-ялпи мажлисида «Ўзбекистон Республикасининг Тадбиркорлик кодексини тасдиқлаш тўғрисида»ги қонун кўриб чиқилиб, маъқулланди.

 

Қонун билан тасдиқланаётган Тадбиркорлик кодекси 100 дан ортиқ қонунчилик ҳужжатларини унификация қилиш назарда тутилган бўлиб, унинг асосий мақсади тадбиркорлик соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

 

Кодексда фуқароларнинг тадбиркорлик фаолиятида эркин иштирок этиши ва ундан манфаатдор бўлиши учун кафолатлар ҳамда шароитлар яратиш, хусусий мулк, шунингдек тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш асосий вазифа сифатида белгиланмоқда.

 

Унда тадбиркорлик фаолиятининг асосий принциплари унификацияланган ҳолда мустаҳкамланган: қонунийлик, тадбиркорлик эркинлиги, тадбиркорлик субъектлари тенглиги, ҳалол рақобат, коррупциядан холилик ва бошқалар.

 

Кодекс билан тадбиркорлик субъектлари кичик, ўрта ва йирик тоифаларга ажратилмоқда (амалда тоифа сифатида фақат кичик тадбиркорлик субъекти мавжуд эди).

 

Якка тартибдаги тадбиркорлар шуғулланиши мумкин бўлмаган фаолият турлари белгиланган ҳолда уларга қонунчиликда тақиқланмаган ҳар қандай фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқи берилмоқда.

 

Тадбиркорликни давлат томонидан тартибга солишнинг чегаралари ҳамда тартибга солиш шакллари белгиланмоқда ҳамда халқаро стандартларга мувофиқ аёллар ва ёшлар тадбиркорлиги ҳамда уларни қўллаб-қувватлаш тизими жорий этилмоқда.

 

Кодексда ижтимоий тадбиркорлик, ижтимоий корхона, аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд қатламлари рўйхати ва уларни, жумладан ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлашнинг механизмлари белгиланмоқда.

 

Шу билан бирга, Кодексда бизнес-инкубаторларнинг ҳуқуқий мақоми, мақсад ва вазифалари белгиланмоқда ҳамда давлат корхоналарига рақобатни чекловчи имтиёз ва преференциялар бериш тақиқланмоқда.

 

Мажлисда қайд этилишича, Тадбиркорлик кодексининг қабул қилиниши тарқоқ қонунчилик ҳужжатларини ягона ҳужжатга бирлаштириш, тадбиркорлик соҳасидаги қонунчилик ҳужжатларини барқарорлаштириш, давлатнинг тадбиркорлик соҳасига аралашувини камайтириш, шунингдек, тадбиркорлик ҳуқуқи соҳасида ягона ёндашувни белгилашга хизмат қилади

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//