Беморнинг қорнида дока ва қўлқоп қолиб кетгани ҳақидаги хабарлар асоссиз бўлиб чиқди

Сақлаш
20:31 / 14.08.2024 523 0

Ижтимоий тармоқларда Наманган вилояти Чортоқ туманида кесарча кесиш амалиёти ўтказилган аёл қорнида тиббий дока ва резина қўлқоп қолиб кетгани ҳақида хабарлар тарқалди.

 

Маълум бўлишича, шу йилнинг 11 май куни, соат тахминан 09:00 ларда Чортоқ тумани, «Алихон» МФЙда истиқомат қилувчи 33 ёшли фуқаро Б.У. туман тиббиёт бирлашмаси туғруқ бўлимига тиббий кўрикдан ўтиш мақсадида келган.

 

Ўтказилган дастлабки тиббий текширувлардан сўнг аёлга «3-Ҳомиладорлик. 39-ҳафта, 3 кун. Бачадон чандиғи. Камқонлик ўрта даражаси. ААА (2 марта кесар кесиш)» ташхиси қўйилиб, туғруқхонага ётқизилган.

 

Шундан сўнг беморнинг ҳолати ҳақида Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт маркази Наманган вилоят филиалига хабар берилиб, даволаш жараёнлари учун мазкур муассасадан мутахассис чақиртирилган.

 

Ўша куни, соат тахминан 15:40 ларда тиббий кўрсатмага мувофиқ Б.У.да филиал гинекология бўлими мудири, тиббиёт фанлари доктори Т.Абдукаримов ва туғуруқхона бўлими мудири Х.Абидова томонидан кесарча кесиш амалиёти бажарилган.

 

«Жарроҳлик жараёни санитария қоидаларига тўлиқ риоя қилинган ҳолда ва тегишли стандартлар асосида амалга оширилган», дейилади ССВ расмий муносабатида.

 

Операция давомида Б.У.нинг розилиги билан ИЖК (ихтиёрий жарроҳлик контрацепцияси) қилинган. Амалиёт асоратсиз ўтган, бироқ аёлнинг ҳомиласи бактериал ва вирусли инфекция туфайли антенатал даврда вафот этган. Анамнезига кўра, бемор ҳомиладорлик даврида камсувлик, 2-3 марта ЎРВИ ва ўткир сийдик йўллари инфекциясига қарши даволанган.

 

«Мурдани оила аъзолари суд-тиббий экспертизасидан ўтказишни ёзма равишда рад этганлиги сабабли туғуруқхона мудираси томонидан уйига бериб юборилган. Шу боис, мазкур ҳолат юзасидан туғуруқхона бўлими мудири Х.Абидовага нисбатан интизомий жазо чораси қўлланилди», дейилади муносабатда.

 

Хабарга кўра, жарроҳликдан сўнг беморнинг бачадони доим тоза бўлган (бир неча марта УТТ текшируви ўтказилган) ва туғруқдан кейинги 31-кунда нормал ҳайз цикли бошланган. Ундан кейинги 10-кунда аёл ўткир замбуруғли колпит билан уй шароитида мустақил даволанган, яъни ўзбошимчалик билан замбуруғга қарши тиббий шамчалар ва дока тампондан фойдаланган.

 

Сўнгги ойларда бемор соғлигининг ёмонлашишига айнан ўткир замбуруғли колпит билан касалланиши, сийдик йўллари инфекциясининг такрорланиши ва лактация қайталаниши биргаликда кечгани сабаб бўлган.

 

Хабарга кўра, ишчи гуруҳ томонидан ижтимоий тармоқларда аёл қорнида тиббий дока ва резина қўлқоп қолиб кетгани ҳақида тарқалган хабарлар мутлақо асоссиз экани ҳақида хулоса берилган.

 

«Фақат аёлнинг қинидан (қорни ёки бачадонидан эмас) мустақил даволанишда ишлатилган тиббий шамча ва тампон қолдиқлари тушган. Фуқаро томонидан олинган суратда айнан ушбу воситаларнинг қолдиқлари (ишчи гуруҳга тақдим этилган) акс этган», деб ёзилади муносабатда.

 

Ишчи гуруҳ томонидан ўтказилган сўнгги тиббий кўрик (акушерлик, умумий ва УТТ текшируви) натижасига кўра, аёлнинг умумий ҳолати айни пайтда қониқарли экани маълум бўлган.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//