Собиқ вазир Жиноят кодексининг бир нечта моддалари бўйича айбланмоқда

Сақлаш
14:57 / 13.08.2024 466 0

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳри Миробод туман суди собиқ қишлоқ хўжалиги вазири Азиз Воитовга нисбатан очилган жиноят ишини 15 август куни кўриб чиқишни бошлайди.

 

Маълум бўлишича, Азиз Воитов Жиноят кодексининг қуйидаги моддалари бўйича айбланмоқда:

 

▪️ 167-модда 3-қисми «а» ва «в» бандлари (Жуда кўп миқдорда, уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш);

▪️ 205-модда 2-қисми «а» банди (Жуда кўп миқдорда зарар етказган ҳолда ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш);

▪️ 206-моддаси 2-қисмининг «а» банди (Жуда кўп миқдорда зарар етказган ҳолда ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш);

▪️ 209-моддаси 2-қисмининг «а» банди (Мансаб сохтакорлиги).

 

Маълумот учун, Воитов 2022 йил августидан 2023 йил октябрига қадар қишлоқ хўжалиги вазири лавозимида ишлаган. У 2023 йилнинг декабрида ҳибсга олинган.

 

Шунингдек, ушбу жиноий ишда 2 нафар тадбиркор – Орзубек Отабаевич Ражабов ва Алишер Фазлитдинович Уринбаевга ҳам айблов эълон қилинган.

 

Жумладан, турар жой бўлмаган бинолар қуриш билан шуғулланувчи Тошкентдаги «Белтепа Мастер Строй» МЧЖ таъсисчиси Орзубек Ражабов Жиноят кодексининг қуйидаги моддали билан айбланмоқда:

▪️ 167-модда 3-қисми «а» банди (Жуда кўп миқдорда ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш);

▪️ 189-модданинг 1-қисми (Товарлар савдоси ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини жуда кўп миқдордаги қийматда бузиш);

▪️ 209-модданинг 1-қисми (Мансаб сохтакорлиги);

▪️ 211-модданинг 1-қисми (Пора бериш);

▪️ 228-модда 2-қисми «а» ва «б» бандлари (Такроран ёки хавфли ресидивист томонидан ёки бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш);

▪️ 228-модданинг 3-қисми (Ҳужжатнинг қалбаки эканлигини била туриб, ундан фойдаланиш).

 

Тошкентдаги «Ланелл Гроуп» (тўқимачилик саноати учун хомашё) ва «Раинбоw-Текс» (пахта толасини тайёрлаш ва йигирув) компанияларининг асосчиси Алишер Уринбаевга нисбатан эса қуйидаги модда билан жиноят иши кўриб чиқилади:

▪️ Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми «а» банди (Жуда кўп миқдорда ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш).

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//