Олий диний таълим берадиган муассасалар яна биттага кўпайди

Сақлаш
15:48 / 12.08.2024 591 0

Имом Термизий номидаги ислом институти Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилди.

 

Маълум бўлишича, Президент топшириғи билан Термиз шаҳрида 2020-2021-ўқув йилидан бошлаб ўрта махсус ислом таълим муассасаси ташкил этилган бўлиб, 2023-2024 ўқув йилида илк битирувчилар мазкур таълим муассасасини тамомлади.

 

Эндиликда давлат рўйхатидан ўтказилган Имом Термизий номидаги ислом институти ушбу ўрта махсус ислом таълим муассасасининг узвий давоми сифатида фаолият юритади.

 

Таълим муассасасида ўқиш муддати 4 йил бўлиб, бакалавр даражасида ҳадис илмлари, диний фанлар ва араб тили бўйича олий диний маълумотли мутахассислар тайёрланади.

 

Ҳозирда Имом Термизий номидаги ислом институтига 2024-2025-ўқув йили учун қабул эълон қилинган. Ўқишга кириш истагида бўлган абитуриентлардан ҳужжатларни қабул қилиш жараёни 2024 йил 14 августдан 20 августга (шу куни ҳам соат 18:00 гача) қадар давом этади.

 

Абитуриентлар Қабул ҳайъатига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

▪️ таълим муассасаси ректори номига ариза;

▪️ паспорт ёки ИД карта нусхаси (асли кўрсатилади);

▪️ ўрта махсус ислом таълим муассасасини тамомлагани тўғрисидаги ҳужжат (диплом) ва унинг иловаси асл нусхада;

▪️ 3,5 х 4,5 ҳажмдаги 6 дона рангли фотосурат (сўнгги уч ойда олинган ва орқа фони оқ рангда бўлиши талаб этилади).

 

✔️ Абитуриентлар қуйидаги фанлар бўйича қабул имтиҳонларини топширади:

✅ Араб тили (тест синови) 30 х 3,1 – 93 балл;

✅ Ҳадис ва Мусталаҳул ҳадис (ижодий имтиҳон) 30 х 2,1– 63 балл;

✅ Ўзбекистон тарихи (тест синови) 30 х 1,1 – 33 балл.

 

Хабарга кўра, араб тили бўйича Б2 даражасидаги миллий ёки халқаро сертификатга эга бўлган абитуриентларга ушбу фандан имтиҳонларсиз белгиланган максимал балл берилади.

 

Маълумот учун, таълим муассасасига ҳужжат топшириш учун абитуриентлардан базавий ҳисоблаш миқдорининг ярим баравари миқдорида тўлов ундирилади.

 

Қабул имтиҳонларини ўтказиш санаси бўйича аниқ маълумот берилмаган.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//