«Марказий Осиё тарихи ва маданияти: ягона ўтмиш ва умумий келажак» халқаро медиа платформаси ишга туширилади

Сақлаш
23:34 / 09.08.2024 1521 0

Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари Маслаҳат учрашувида Шавкат Мирзиёев мамлакатлар парламентлари ўртасида ўзаро самарали алмашувларни ривожлантириш ҳар томонлама қўллаб-қувватланишини таъкидлади.

 

Ўзбекистон етакчиси исбот тариқасида минтақа мамлакатларининг навбатдаги Парламентлараро форуми келгуси ойда кўҳна Хива шаҳрида ўтказилиши режалаштирилганини маълум қилган.

 

Шунингдек, Шавкат Мирзиёев маданий-тарихий мероси умумий бўлган Марказий Осиё халқларининг минтақа келажаги учун дахлдорлиги, бирдамлиги, умумий масъулиятни англашини кучайтиришга катта эътибор бериш лозимлигини урғулаган.

 

«Ўйлайманки, «Марказий Осиё тарихи ва маданияти: ягона ўтмиш ва умумий келажак» халқаро медиа платформасининг тезроқ ишга туширилиши ушбу йўналишда муҳим амалий қадам бўлади.

 

Минтақа халқларининг ўзаро бир-бирини тушуниши ва бирдамлигини янада мустаҳкамлаш мақсадида минтақавий ўзига хосликни шакллантиришнинг амалий жиҳатларига бағишланган илмий форум ўтказишни таклиф қиламиз», деган Ўзбекистон Республикаси Президенти.

 

Бундан ташқари, йиғилишда «Марказий Осиё ёшлар кун тартиби – 2030»ни илгари суриш ва ёш авлодни ҳамкорлик дастурларига жалб қилиш учун доимий равишда Инновацион ғоялар ва лойиҳалар минтақавий ёшлар танловини ўтказиш ҳам таклиф қилинган.

 

«Марказий Осиё таълим ва академик алмашув дастурини қабул қилиш ва мамлакатларимиздаги етакчи олий ўқув юртларининг дипломларини ўзаро тан олиш тўғрисидаги битимни ишлаб чиқишни муҳим деб ҳисоблаймиз.

 

Шунингдек, минтақа давлатларининг иқтидорли талабалари ўқиши учун ўзаро келишувлар асосида стипендиялар ажратишни таклиф қиламиз.

 

Ушбу лойиҳаларни батафсил муҳокама қилиш учун Тошкент шаҳрида октябрь ойида Марказий Осиё биринчи таълим форумини ўтказиш ниятидамиз.

 

Мамлакатларингиз миллий делегациялари таркибига таълим вазирлари, етакчи университетлари ректорлари, олимлар ва экспертлари қўшилса, биз бундан мамнун бўлар эдик «, деган Шавкат Мирзиёев нутқи давомида.

 

Ўзбекистон етакчиси туризм соҳасини ривожлантириш учун ҳам Марказий Осиё давлатлари раҳбарларига бир қатор ҳамкорлик таклифларини билдирган.

 

«Туризм сектори минтақавий ҳамкорликнинг янги драйверига айланиб бормоқда. Мамлакатларимиздаги ички минтақавий туристик оқим улуши сўнгги йилларда сезиларли даражада ошди.

 

Туристик алмашувни кенгайтириш мақсадида «Битта тур – бутун минтақа» тамойили бўйича миллий ай-ди карталарни ўзаро тан олиш ва оммавий туристик маҳсулотларни ишлаб чиқиш масалаларини ўрганиб чиқишни таклиф қиламиз», деган Ўзбекистон Президенти Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари Маслаҳат учрашувида.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//