«Биз санкциялар сиёсатининг асирига айландик» – Шавкат Мирзиёев

Сақлаш
22:21 / 09.08.2024 1489 0

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари Маслаҳат учрашувида сўзлаган нутқида минтақа хавфсизлиги ва барқарорлигини таъминлаш зарурлигини таъкидлади.

 

«Марказий Осиё ўзининг геосиёсий жойлашуви туфайли глобал ишонч инқирози ва можаролар кескинлашувининг барча салбий оқибатларини тўлиқ бошдан кечирмоқда», дея ўз хавотирини билдирган Шавкат Мирзиёев.

 

Давлат раҳбари, шунингдек, Украина атрофида ва Яқин Шарқда содир бўлаётган воқеалар минтақанинг барқарор ривожланишига тўғридан-тўғри таъсир кўрсатаётганига ва бунинг оқибатида келиб чиқаётган муаммоларга эътибор қаратган.

 

«Анъанавий савдо ва транспорт занжирлари бузилди. Биз санкциялар сиёсатининг асирига айландик, логистика харажатлари сезиларли даражада ошди, инфляция босими кучаймоқда. Жаҳон капитал бозорида имкониятлар қисқармоқда, протекционизм кучайиб, янги-янги тўсиқлар пайдо бўлмоқда», дея муаммоларни санаб ўтган Ўзбекистон Президенти.

 

Нутқи давомида Шавкат Мирзиёев минтақа барқарорлигининг муҳим омили ҳисобланган қўшни Афғонистондаги вазиятнинг ривожланиши билан боғлиқ масалалар халқаро кун тартибида иккинчи даражага тушиб қолаётганини билдирган. Шунингдек, ҳозирги даврда Марказий Осиёнинг бугуни ва келажаги бирдамликда боғлиқлигини урғулаган.

 

«Шуни таъкидлаб ўтмоқчиманки, Марказий Осиёнинг бугуни ва келажаги, мамлакатларимиз ва халқларимиз фаровонлиги кўп жиҳатдан умумий саъй-ҳаракатларимизга, яқиндан ҳамкорлик қилиш, қатъий чоралар кўриш ва минтақа манфаатларини биргаликда илгари суришга тайёрлигимизга боғлиқ», деган Президент.

 

Шавкат Мирзиёев шу мақсад билан муаммоларни ҳал қилиш ва бунга бирдамликда ёндашиш учун Минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш концепциясини ишлаб чиқиш кераклигини қўшимча қилган.

 

«Ташқи сиёсат идораларимиз томонидан стратегик ҳужжат – Минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш концепциясини ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблаймиз», деган Ўзбекистон етакчиси нутқи давомида.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//