Сиёсат
Оқўрда қароргоҳида Шавкат Мирзиёев ва Қосим-Жомарт Тўқаев раислигида Олий давлатлараро кенгашнинг биринчи мажлиси бўлиб ўтди.
Давлат раҳбари Қозоғистон раҳбари ва халқига самимий қабул учун миннатдорлик билдирди ҳамда бу кун Ўзбекистон-Қозоғистон ҳамкорлиги тарихида алоҳида аҳамиятга эга эканлигини таъкидлади.
Икки мамлакат раҳбарлари 2024-2034 йилларга мўлжалланган стратегик шериклик ва иттифоқчилик дастури қабул қилинганини мамнуният билан қайд этди.
Товар айирбошлаш ҳажмини яқин йилларда 10 миллиард долларга етказиш имкониятлари атрофлича муҳокама қилинди. Шу мақсадда ой охиригача алоҳида дастур қабул қилинади. Бунда бозорларни ўзаро шакллантириш, мавжуд чекловларни бартараф этишга алоҳида эътибор қаратилади.
Томонлар кеча бўлиб ўтган бизнес форуми ва ишбилармонлик учрашувлари якунлари бўйича 7 миллиард долларлик салмоқли келишувлар имзоланганини ижобий баҳолади.
Энергетика қувватлари ва инфратузилмасини қуриш, муқобил энергия манбаларини ривожлантириш бўйича лойиҳаларни биргаликда амалга оширишга тайёрлик билдирилди. Йирик минтақавий лойиҳаларни, энг аввало, Қамбарота ГEС қурилишини тайёрлаш ишлари жадаллаштирилади.
Транспорт ва транзит соҳасида ишбилармон доираларни жалб этган ҳолда икки мамлакат ўртасида янги транспорт йўлакларини қуриш лойиҳаларини ишлаб чиқишга келишиб олинди. Бундан ташқари, замонавий логистика инфратузилмасини яратиш ишларини кучайтириш муҳимлиги таъкидланди.
Минтақада сувдан фойдаланиш масалаларига ягона ёндашув мавжудлиги қайд этилди. Ишончли ҳуқуқий базани шакллантириш, сув хўжалиги объектларини автоматлаштириш ва рақамлаштириш ишлари давом эттирилади.
Таълим соҳасида бугун икки мамлакатдаги етакчи олий таълим муассасалари — Олмаотада Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти ҳамда Чирчиқда Мухтор Авезов номидаги Жанубий Қозоғистон университети филиаллари фаолияти йўлга қўйилади.
Шавкат Мирзиёев Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаевга Остона шаҳрида ўзбек халқининг буюк фарзанди, шоир ва мутафаккир Алишер Навоий ҳайкалини ўрнатиш ташаббуси учун миннатдорлик билдирди.
Томонлар Марказий Осиёда интеграция ва ҳамкорликни чуқурлаштириш тарафдори эканликларини тасдиқлади.
Музокаралар якунида Шавкат Мирзиёев Қосим-Жомарт Тўқаевни Олий давлатлараро кенгашнинг иккинчи мажлисини ўтказиш учун Ўзбекистонга ташриф билан келишга таклиф этди.
Жамият
Жаҳон
Жамият
Жамият
Сиёсат
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
Изоҳ йўқ