Қирғизистонлик боксчига секундантлик қилган ўзбекистонлик мураббий тақдирланди

Сақлаш
16:48 / 08.08.2024 633 0

 

 

Фото: 24.кг

Париж-2024 ёзги Олимпия ўйинлари доирасида ўтказилган бокс баҳсларида қирғизистонлик атлетга ўзбекистонлик мураббий секундантлик қилганидан хабарингиз бор.

 

Акмал Ҳасанов қардошига ёрдам бергани ва икки халқ ўртасидаги дўстона муҳитни янада яхшилашга ҳисса қўшгани учун Қирғизистон Республикасининг халқаро жамоат бирлашмаси томонидан «Чингиз Айтматов» медали билан тақдирланди.

 

«Чингиз Айтматов номидаги Иссиқкўл форуми» халқаро жамоат бирлашмаси бош котиби Ассол Молдокматованинг таъкидлашича, ўзбекистонлик мураббийни инсонпарварлик, бағрикенглик ва халқ дипломатиясининг юксак савияси учун мукофотлаш тўғрисидаги қарор 5 август куни қабул қилинган.

 

«Акмалга инсонийлиги, биродарлик муносабати учун раҳмат. Биз буни қадрлаймиз, ҳурмат қиламиз ва олқишлаймиз. (Мамлакатга) ташрифингизни интиқлик билан кутамиз. Сиз барча мақтов ва мукофотларга лойиқсиз», — дейди у.

 

Маълумот учун, боксчи Мунарбек Сейитбек ўғли 4 август куни америкалик Ҳарвей Жаҳмалга қарши чорак финал жангини ўтказган ва унда ғалаба қозониб, Қирғизистон тарихида илк бор Олимпиада ярим финалига чиққан қирғиз атлети бўлган эди. Мазкур жангда эса Акмал Ҳасанов унинг иккинчи мураббий сифатида ҳаракат қилган.

 

Хабарларга кўра, Акмал Ҳасановнинг ўзи ҳам Ўзбекистондаги йиғинга тез-тез келиб, ўзбекистонлик спортчилар билан машғулот ўтказган Мунарбек Сейитбек ўғлини яхши танишини айтган.

 

«У мендан ёрдам беришимни илтимос қилди. Қўшни давлатларимиз дўстона муносабатларга эга экан, биз унга ёрдам беришдан хурсанд бўлдик. У тарихга кирди ва Қирғизистон тарихидаги бокс бўйича биринчи Олимпиада совриндори бўлди», — деган ўзбекистонлик мураббий ОАВга берган интервьюсида.

 

Ҳасановнинг сўзларига кўра, у қирғизистонлик боксчига рақибларни таҳлил қилиш ва машғулот ўтказишда ёрдам берган.

 

Эслатиб ўтамиз, Мунарбек Сейитбек ўғли 9 августга ўтар кечаси болгариялик Хавер Ибанесга қарши ярим финал жангини ўтказади.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//