Метан нархини сунъий оширган шохобчалар жавобгарликка тортилади

Сақлаш
22:29 / 02.08.2024 146 0

1 августдан эътиборан метан газни сотишда чегара нархни олиб ташлашга қарор қилинди. Эндиликда автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчаларидаги нархни бозор белгилайди.

 

Вазирлик тадбиркорларга нарх белгилашда бундай эркинлик бериш «хоҳлаган ишни қилиш имкониятини» англатмаслигини таъкидлайди.

 

«Сотиб олинадиган табиий газ нархи ва солиқлар ставкалари қатъий белгиланганлиги ҳамда бошқа сақлаш харажатларида сезиларли ўзгаришлар кутилмаётганлигини инобатга олиб, 1 августдан кейин автомобиллар учун газ нархи кескин ошишига етарли асослар мавжуд эмас, деб ҳисоблаймиз», дейилади вазирлик маълумотида.

 

Маълум бўлишича, эндиликда «газ нархининг асоссиз ошириб юборилишига йўл қўймаслик бош масала бўлади».

 

Бунинг учун эса Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси, Бош прокуратура, «Ўзенергоинспекция» ҳамда бошқа тегишли идоралар томонидан метан газ нархини барқарорлаштириш билан бир қаторда, нархларнинг асоссиз ошириб юборилишини олдини олиш бўйича жиддий назорат олиб борилади.

 

Бундан ташқари, август ойининг 7-санасидан эътиборан «Uzbekistan GTL» МЧЖ томонидан кунига яна қўшимча 100 тоннадан суюлтирилган газ биржа савдоларига қўйиб борилиши белгиланди.

 

«Келгусида суюлтирилган газ маҳсулотининг сотилиш нархлари барқарорлигини таъминлаш мақсадида, биржа савдоларида маҳсулот сотиб олиш учун тушаётган талаб ҳажмларидан келиб чиққан ҳолда, ишлаб чиқарувчилар ва импорт қилувчилар томонидан биржа савдоларига суюлтирилган газ бир маромда қўйиб борилади», дейилади маълумотда.

 

Хабарда келтирилишича, сотилаётган ёқилғиларнинг нархларини сунъий равишда ошириш ҳолатлари аниқланган тақдирда, мазкур тадбиркорлик субъектлари қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади ҳамда уларга ёқилғи етказиб берилиши тўхтатилади.

 

Бунда жамоатчилик назорати биринчи ўринга чиқади. Яъни, метан газ нархининг асоссиз равишда оширилиши ҳолатларига дуч келган истеъмолчи Рақобат қўмитасининг 71-207-47-00, 71-207-48-00 ёки 1159 қисқа рақамига, шунингдек, Бош прокуратуранинг 1007 қисқа рақами ҳамда «Ўзенергоинспекция»нинг 71-200-02-86 телефон рақамларига қўнғироқ қилишлари лозим. Шунда ҳолат ўрганилади ва ҳуқуқбузар тадбиркорлик субъектига нисбатан чора кўрилади.

 

Шу билан бирга, хабарда бундан буён газ тўлдириш компрессор шохобчалари ҳудудлари кузатув камералари билан жиҳозланиши, автомобиль рақами орқали эса автомобилга ўрнатилган газ баллони синовдан ўтган ёки ўтмаганлиги текширилиб бориши ҳақида ҳам сўз борган.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//