Бу йил ҳам чет тили ўқитувчиларидан тил сертификати сўралмайди

Сақлаш
20:58 / 01.08.2024 157 0

Ўзбекистон мактабларида чет тили ўқитувчилари камида Б2 сертификатига эга бўлиши лозимлиги тўғрисидаги талаб муддати узайтирилди. Бу ҳақда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги «Дарё» нашрига маълум қилди.

 

Ҳукуматнинг 2021 йил 19 майдаги қарори билан 2024/2025-ўқув йилигача Ўзбекистондаги мактаб, ўрта махсус ва профессионал таълим муассасаларининг хорижий тиллар ўқитувчилари камида Б2 даражадаги сертификатга эга бўлиши лозимлиги белгиланган. Яъни мазкур талабни бажара олмаган ўқитувчилар билан меҳнат шартномаси бекор қилиниши ёки Б2 сертификати мавжуд бўлмаган хорижий тил ўқитувчилари ишга қабул қилинмаслиги кўрсатилган.

 

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги мазкур талаб муддатини бир йилга узайтирди. Эндиликда мактабларнинг хорижий тил ўқитувчиларига камида Б2 даражадаги миллий ёки унга тенглаштирилган мос даражадаги халқаро сертификатга эга бўлиш талаби 2025/2026-ўқув йилига қадар узайтирилди.

 

Шу билан бирга, 2024/2025-ўқув йилида мазкур турдаги сертификати бўлмаган педагогларга ўқув йили охиригача сертификат олиш талаби қўйилди. Бу бўйича барча чет тили ўқитувчилари огоҳлантирилади.

 

Аввалроқ вазирлик бошқарма бошлиғи Эркин Муродов «Дарё» нашрига берган интервьюсида аслида бундай талаб қўйилишига сабаб сифатли таълимга эришиш эканини айтганди.

 

«Хорижий тилда дарс берувчи ўқитувчи чет тилини энг камида Б2 — олий таълимни битирганда бакалаврга қўйилган даражада билиши керак. Бу хорижий тилларни ўргатишда сифатга эришиш учун қўйилган талаб ва мақсадлардан ҳисобланади», деган мутахассис.

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//