
Сиёсат
Деҳли шаҳридаги Ҳумоюн Мирзо мақбараси ҳузурида Бобурийлар тарихига бағишланган Бутунжаҳон мероси музейи ташкил этилди.
Музейга илк тамал тоши 2015 йилда Ҳиндистон маданият ва туризм вазири ва Ага Хан халқаро жамғармаси раҳбари томонидан қўйилган. Ўтган қарийб 10 йил давомида музей жойлашган Ҳумоюн Мирзо мақбараси атрофидаги деярли 120 гектар майдонда улкан боғ қад ростлади.
Статистик маълумотларга кўра, буюк аждодимиз, давлат арбоби, шоир ва файласуф, моҳир саркарда ва ҳукмдор Заҳириддин Муҳаммад Бобурдан кейин Ҳиндистон тахтига ўтирган Ҳумоюн Мирзо мақбарасини зиёрат қилиш учун бир йилда 3 миллионга яқин киши келади. Уларнинг салкам 300 минг нафарини мактаб ўқувчилари ташкил қилади.
Мақбара жойлашган ҳудудда ташкил этилган улкан боғ ичида Ҳумоюн Мирзо, унинг давлатчилик тарихи, ундан авлодларга қолган улкан тарихий-маданий мерос ҳамда олим ва шоир сифатидаги маданиятпарвар ва саҳоватпеша подшоҳ даврига бағишланган музейнинг ташкил этилиши эса Бобурийларнинг шонли тарихи, буюк аждодларимизнинг Ҳиндистонда қолдирган бебаҳо меросини ўрганишга иштиёқманд бўлганлар сонини янада оширади.
Ушбу музейни ташкил этишга Ҳиндистон Маданият ва туризм вазирлиги 60 минг АҚШ доллари ажратди. Шунингдек, лойиҳани молиялаштириш учун Ага Хан халқаро жамғармаси ва бошқа ташкилотлар катта ҳисса қўшди.
Музейдан Ҳиндистон Миллий музейи, Ҳиндистон Археология тадқиқотлари қўмитаси ва Ага Хан халқаро маданият жамғармаси томонидан тақдим этилган 500 дан ортиқ ноёб ашёлар жой олган.
Улар орасида Бобурийлар давридан етиб келган миниатюра санъати намуналари ва қўлёзма асарлар, Ҳумоюн Мирзо мақбараси ва унинг ён-атрофидаги ҳудудга тегишли бўлган архитектура ашёлари, тилла ва кумуш тангалар, 15 асрга оид нужум илмига тегишли бўлган глобус ва бошқа осори-атиқалар, 17-асрга оид темир буюмлар, ойна ва матолар, қурол-аслаҳа, найза ва пичоқлар, саркарда ва жангчиларнинг зирҳли кийимлари, Ҳумоюн Мирзо даврига тегишли ҳукмдор тожи ҳамда сўнгги Бобурий подшоҳ Баҳодиршоҳ Зафар II ўтирган тахтиравон бор.
Ушбу тарих ва зиё масканида темурийзода ҳукмдорларга хос ва мос равишда буюк олим ва давлат арбоби Мирзо Улуғбек ишининг ҳинд заминида давомчиси бўлган Ҳумоюн Мирзонинг астрономия ва астрология илмига қизиқиши ва ушбу соҳага доир алоҳида кўргазмали зал ташкил этилди. Мазкур залда ўз даврида Самарқанддан таклиф этилган ҳунарманд усталар томонидан ҳукмдорга махсус ясалган астролябия аслаҳалари, осмон ва сайёралар харитаси, ўрта аср глобуси ҳамда тарихий ва илмий аҳамиятга эга муҳим артефактлар намойишга қўйилган.
Ушбу музейни ташкил этилишдан асосий мақсад Ҳумоюн Мирзо яшаб ўтган ҳаёт йўли ва Бобурийлар сулоласига тегишли бўлган улкан тарихий-маданий меросни борича ва замонавий талқинда намойиш этишдир.
Намойишга қўйилган артефактлар Ҳумоюн Мирзо даврида Жанубий Осиёдек катта минтақадаги тарихий ўзаро боғлиқлик, хусусан, Марказий Осиё, Эрон ва Ҳиндистон ўртасидаги фаол алмашинувлар ҳамда улар натижасида Деҳлида вужудга келган архитектура ва шаҳарсозликнинг энг яхши намуналарини ўзида акс эттирган. Музей Ага Хан халқаро жамғармаси томонидан сўнгги 25 йил давомида олиб борилган изланиш ва тарихий топилмаларнинг, жумладан, 60 та ноёб ёдгорликларнинг қайта тикланиши ва консервация қилиниши натижасида юзага келди.
Экспозицияда Ҳиндистон миллий музейи, Ҳиндистон археология тадқиқотлари қўмитаси Агаҳан халқаро маданият жамғармаси томонидан тақдим этилган 500 дан ноёб ортиқ кўргазмали ашёлар жой олган. Улар нафақат Бобурийлар сулоласи Ҳумоюн Мирзо даври, балки Темурийзода ҳукмдорлардан бири бўлган Мирзо Улуғбек ҳаёти ва фаолиятига ҳам оид. Музейга ташриф буюрувчилар Ҳумоюн Мирзонинг ҳаёт йўли, унинг саройдаги кундалик турмуш тарзи ва давлатчилик ривожлантиришга оид асарлар, жангу-жадалларни акс эттирувчи аслаҳалар ва 3Д шаклдаги виртуал хариталарни кўздан кечиришлари мумкин.
Музей фаолияти кенг оммага Ҳумоюн Мирзонинг ҳаёт йўли ва Бобурийлар сулоласига тегишли бўлган улкан тарихий маданий меросни замонавий кўламда намойиш этишга қаратилган. Экспонатлар нафақат ҳиндистонлик балки бутун дунёдан ташриф буюрган сайёҳларга ўша даврнинг ўзига хос ҳусусиятлари ва бобурийларнинг Ҳиндистон тарихидаги ўрнидан ҳикоя қилади.
Музейнинг ташкил этилиши нафақат Ҳиндистон халқи, балки Бобурийлар даври ва тарихини ўрганишга қизиқиш билдираётган барча, жумладан ўзбекистонликлар учун ҳам жуда муҳимдир. Чунки, Бобурийлар сулоласи асосчиси бўлган Мирзо Бобурнинг келиб чиқиши ва унинг илдизлари ҳозирги Ўзбекистон заминига бориб тақалади.
Ташкилотчиларнинг фикрича, бу каби ишлар Темурийлар ватани – Самарқанд ва Бухоро шаҳарларида ҳам давом эттирилади.
Таъкидлаш жоиз, Республика Маънавият ва маърифат маркази Ўзбекистонни Ҳиндистондаги элчихонаси билан ҳамкорликда «Бобур изидан» номли янги лойиҳа устида иш олиб бормоқда. Мазкур лойиҳада келгусида Ҳиндистонда Бобур фаолиятини янада кенг татбиқ қилиш юзасидан бир қанча амалий ишлар йўлга қўйилиши режалаштирилган.
Илм-фан
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
Изоҳ йўқ