1 августдан нималар ўзгаради?

Сақлаш
21:02 / 31.07.2024 249 0

1 августдан бир қатор соҳаларда ўзгаришлар кутилмоқда

 

Жумладан:

 

Талабалар онлайн тарзда ётоқхоналарга жойлаштирилади

2024/2025 ўқув йилидан бошлаб барча курс талабалари учун давлат олий таълим муассасалари талабалар турар жойига жойлашиш онлайн шаклда амалга оширилади. Бунда талабалар турар жойига жойлашиш учун ариза бериш 1 августдан бошлаб ўқув йили якунига қадар давом этади.

 

Футзал мухлисларига пойтахтда жамоат транспортларидан бепул фойдаланади

2024 йил август – октябрь ойларида Жаҳон чемпионатида аккредитациядан ўтган шахслар, шунингдек, Жаҳон чемпионати ўйинларига чипталари мавжуд бўлган хорижий ва маҳаллий мухлислар учун темир йўл чипталарига 50 фоиз миқдорида чегирмалар жорий қилинади.

 

Жаҳон чемпионатида аккредитациядан ўтган шахслар ҳамда ўйин кунлари чипталари мавжуд бўлган шахслар учун жамоат транспорт воситаларидан (автобус, метро) бепул фойдаланиш имконияти яратилади.

 

Бино ва иншоотларнинг зилзилабардошлиги оширилади

Президент Қарори билан хавфлилик омили III – IV тоифа бўлган объектларни ҳудуднинг зилзилалар кучини кўрсатиб берувчи минтақавий акселерограммалар базаларидан келиб чиқиб лойиҳалаш ва қуриш тартиби жорий этилади.

 

Рақамли криминалистика соҳасида илмий-тадқиқот фаолияти ташкил этилади

Президент қарори билан Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академиясига бир қатор қўшимча вазифалар юклатилган бўлиб, улардан бири Рақамли криминалистика илмий-тадқиқот институти ташкил этишдир.

 

Мазкур институтга жорий йилнинг 1 августидан бошлаб рақамли криминалистика бўйича суд экспертизалари ва тадқиқотларни ўтказиш ҳуқуқи берилади.

 

Институт суд-экспертлик фаолияти қамровини кенгайтириш мақсадида 2024 йил якунигача катта ҳажмдаги маълумотлар («Big Data») экспертизаси ўтказилишини йўлга қўяди.

 

«Рақамли далиллар ягона реестри» идоралараро автоматлаштирилган тизимининг синов версияси 2025 йил 1 мартгача, 2025 йил 1 августгача тўлиқ версияси жорий этилади.

 

Бўш ер участкаларидан самарали фойдаланиш мақсадида ер участкалари аукционга чиқарилади

Бунда жорий йил якунигача белгиланган мастер-режаларга мувофиқ замонавий хизмат кўрсатиш мажмуалари ва сервис объектларини, жумладан жойлаштириш воситалари, турар жойлар, савдо-кўнгилочар марказларини ташкил қилиш учун мастер-режа ҳудудидаги ер участкалари аукцион савдоларига чиқарилади. Ушбу амалиёт 1 августдан бошланади.

 

Тиббиёт чиқиндиларидан муқобил иссиқлик энергияси ишлаб чиқарилади

Бунда:

▪️ тиббиёт чиқиндиларидан муқобил иссиқлик энергиясини ишлаб чиқариш учун барча турдаги тиббиёт муассасаларида ҳосил бўладиган тиббиёт чиқиндилари тўлиқ ҳажмда Лойиҳа компаниясига топширилади;

 

▪️ лойиҳа компанияси томонидан ишлаб чиқарилган иссиқлик энергияси белгиланган тартибда тасдиқланган тарифларда тиббиёт муассасалари томонидан сотиб олиниши таъминланади. Бунда иссиқлик энергияси бошқа шахсларга ҳам белгиланган тартибда етказиб берилиши мумкин.

 

Туризм соҳасида кадрлар тайёрловчи олий таълим муассасаларида айрим имтиёз берилади

Яъни, уларда юридик шахс мақомига эга бўлмаган амалиёт базаларини (туроператор, турагент, гид-таржимон, меҳмонхона ва туризм транспорти хизматларини кўрсатиш объектлари) белгиланган тартибда ташкил этишга рухсат берилади.

 

Пахта-тўқимачилик кластерлари молиявий соғломлаштирилади

Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармасининг кредит ресурслари ҳисобидан тижорат банклари томонидан ажратиладиган кредитлар бўйича кластерлар таъсисчиларининг шахсий кафиллиги 1 августдан қўшимча равишда расмийлаштирилади.

 

Шунингдек, бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан сотиб олинган ва сотиб олиш қийматининг 35 фоизи ва ундан юқори қисми тўланган пахта тозалаш заводлари ва пахта қабул қилиш масканларини жалб этиладиган кредит бўйича мулкий мажмуа сифатида гаровга қўйишга рухсат берилади.

 

Тугатилаётган «Ўзпахтасаноат» АЖнинг мулкий мажмуаларини сотиб олиш бўйича кластерлар билан тузилган олди-сотди шартномаларида белгиланган тўлов графиги бўйича қарздорликлар муддати 1 йилга узайтирилади.

 

Автомобиль рақамлари тасодифий танлаш йўли билан берилади

Август ойидан бошлаб автомобилларга рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгилари тасодифий танлаш йўли билан берилади.

 

Бунда рақамлар автоматик тарзда Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг Ягона автоматлаштирилган ахборот тизими бўлган «Давлат рақам белгилари» модули орқали шакллантирилади.

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//