Кўчада сотилаётган музқаймоқ таркибида стафилококк бактерияси аниқланди

Сақлаш
20:05 / 30.07.2024 298 0

Кўчаларда сотилаётган музқаймоқ таркибида стафилококк бактерияси аниқланди. Бу ҳақида Санепидқўмита хабар берди.

 

Маълум бўлишича, сўнги пайтларда йўл-йўлакай сотилаётган музқаймоқлардан заҳарланиш ҳолатлари учрамоқда.

 

Айнан бунга музқаймоқ солинган аксарият идишларнинг санитария-гигиена талабларига жавоб бермаслиги, бундай пластик идишларни эса кимёвий усулда зарарсизлантириш имконияти ҳам мавжуд эмас сабаб бўлмоқда.

 

Хабарга кўра, заҳарланиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида назорат таҳлили ўтказилганда кўчада сотилаётган музқаймоқ таркибида стафилококк бактерияси аниқланган.

 

Таъкидлаш лозим, мазкур турдаги бактерия иккиламчи инфекцияларнинг ривожланишига сабаб бўлади. Патоген стафилококк тушган сут ва сут маҳсулотлари – торт, музқаймоқ ва бошқа озиқ-овқатларни истеъмол қилганда киши заҳарланиши мумкин.

 

«Йўл-йўлакай сотилаётган музқаймоқларнинг қачон ва қаерда, қандай шароитда ишлаб чиқарилгани, таркиби, сақлаш муддати ҳамда шароити тўғрисида ҳеч қандай маълумот йўқ. Шунингдек, бу маҳсулотни сотаётган сотувчилар махсус кийим-бош билан таъминланмаган ва уларнинг тиббий кўрикдан ўтгани тўғрисида махсус юритиладиган дафтари ҳам мавжуд эмас. Талабга кўра, маиший хизмат кўрсатувчи корхоналар, савдо шохобчалари ва озиқ-овқат маҳсулотлари савдоси билан шуғулланадиган ходимлар ҳар олти ойда тиббий кўрикдан ўтиб туришлари зарур», дейилади хабарда.

 

Бундан ташқари, музқаймоқ тайёрлашда ходимларнинг ҳам соғлиги инобатга олиниши лозим.

 

«Агар ишчи-ходимлар юқори нафас касалликлари — тонзиллит, гайморит, стоматит билан касалланган бўлса, бу ишчиларни вақтинчалик ишдан озод қилиб, даволангандан кейин қабул қилиш мақсадга мувофиқ бўлади. Бундан ташқари, қўлида тери-касалликлари ва панарисия бўлса, бундай ходимларни ҳам ишдан белгиланган тартибда четлаштириш зарур. Шу боис ҳар бир озиқ-овқат маҳсулотини тайёрлаганда ходимлар санитария-гигиена қоидаларига амал қилишлари талаб этилади», дейилади Санепидқўмита хабарида.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//