«Фильм ҳақидаги хабарлар ҳақиқатдан йироқ ва бунга ойдинлик ҳам киритилмоқда» — Отабек Ҳасанов

Сақлаш
05:58 / 27.07.2024 264 0

Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Отабек Ҳасанов ҳиндлар Заҳириддин Муҳаммад Бобурга атаб фильм суратга олаётгани ҳақидаги хабарларга муносабат билдирди.

 

Унинг сўзларига кўра, фильм ҳақидаги хабарлар ҳақиқатдан йироқ ва бунга ойдинлик ҳам киритилмоқда.

 

«Буюк бобокалонимиз билан боғлиқ тарих ҳақида дунё аҳлини чалғитиш каби бу ҳолат мамлакатимиз жамоатчилигини, зиёлиларни ташвишга солиб, кескин муносабатларга сабаб бўлди.

 

Шу қатори мени ҳам бу ҳолат қаттиқ ташвишга солди ва тегишли давлат ташкилотлари, элчихоналар билан вазият юзасидан маълумот олиш учун боғландим.

 

Айтиш лозимки, фильм ҳақидаги хабарлар ҳақиқатдан йироқ ва бунга ойдинлик ҳам киритилмоқда. Албатта, бу масалага яна аниқлик киритиб, қўшимча хабар берилади», дейди у.

 

Шунингдек, Ҳасанов мазкур масала юзасидан Кинематография миллий агентлиги билан ҳам суҳбатлашганини айтади:

 

«Кинематография миллий агентлиги билан ҳам суҳбатлашдик. Хабарингиз бор, Ўзбекистонда энг қадимги ўтмишдан то яқин тарихгача бўлган даврни ўз ичига олган «Тирик тарих» лойиҳаси доирасида саркардаларимиз, алломалар ҳақида туркум фильмлар яратилмоқда. Бу лойиҳа ҳам тез орада ўз самарасини бериб, миллий ўзлигимиз билан боғлиқ тарихимиз экранларда гавдаланади.

 

Лекин шу ўринда мени хурсанд қилгани, миллий ғурур, ватанпарварлик шунчаки китоблару, қуруқ сўзларда эмас, халқимиз онгу шуурида яшамоқда, кенг жамоатчилик эса бу каби ҳолатларга асло бефарқ эмас».

 

Отабек Ҳасанов буюк аждодларимиз тарихига бефарқ бўлмаган зиёлиларга, кенг жамоатчиликка марказ миннатдорчилик билдиришини ҳам таъкидлайди.

 

«Ўз навбатида, Республика Маънавият ва маърифат маркази кенг жамоатчиликка, зиёлиларга бефарқ бўлмагани, аждодларимиз билан боғлиқ тарихимизни тарғиб қилиш ҳақидаги фикрлари учун миннатдорчилик билдиради.

 

Биз миллат масъулияти йўлида ҳамфикр бўлсак, бирлашсак, бу каби қадриятимиз, тарихимиз, ўзлигимизга қаратилган таҳдидларга қарши тура оламиз», дея сўзларини якунлайди Отабек Ҳасанов.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//