Француз нашрлари ўзбекистонлик футболчилар ҳақида нималарни ёзмоқда?

Сақлаш
16:01 / 26.07.2024 220 0

Француз нашрларида ёзги Олимпиа ўйинларида илк бор иштирок этаётган Ўзбекистон олимпиачиларининг ушбу турнирнинг фаворитларидан бири – испанларга қарши муносиб ўйин кўрсатгани алоҳида таъкидланмоқда.

 

Жумладан, етакчи спорт нашрларидан бири «LʼEquipe» ўйин ҳақида шундай деб ёзган:

 

«Ўзбекистон Олимпиа терма жамоасининг ишончли ўйини эвазига Испания терма жамоаси мазкур баҳсда минимал ҳисобда ғалаба қозонган бўлсада, ўз салоҳиятини тўлиқ кўрсата олмади».

 

Шарҳда, айниқса, жамоамиз дарвозабони Абдувоҳид Неъматов томонидан ўйиннинг 56-дақиқасида пенальтининг қайтарилиши ва футболчининг бунда ишончли ҳаракат қилгани алоҳида эътироф этилган.

 

Яна бир маҳаллий нашр – «Le Nouvel Obs» газетаси ҳам ўзбекистонликлар ҳақида қуйидагича ёзган:

 

«Ўйин давомида стадионда чинакам илиқ, байрамона муҳит ҳукм сурди ва бу учун ўзбекистонлик мухлисларга раҳмат. Ўзбекистонлик мухлислар ўзларининг ноғора ва қўшиқлари билан стадиондаги муҳитга кўтаринки кайфият бағишлади. Илк бор Олимпиа ўйинларига йўлланмани қўлга киритган Ўзбекистон терма жамоасининг ажойиб ўйини ҳам томошабинларда катта таассурот қолдирди».

 

«Ouest-France» газетаси эса «Ўзбекистон Олимпиа терма жамоаси ёзги Олимпиа ўйинларининг илк баҳсида француз футбол ишқибозлари хаёлига ҳам келмаган жиҳатларни намойиш этди. Испания ва Ўзбекистон ўртасидаги ўйин ҳар жиҳатдан томошабоп бўлди. Ўзбекистонлик мухлислар эса трибуналар учун курашда ғалаба қозонди» дея ўйинга таъриф берган.

 

«sofoot.com» электрон нашрида эълон қилинган мақолада ҳам ўйин тенг курашлар остида кечгани, омад туфайли ғалаба испанлар фойдасига ҳал бўлгани, Аббосбек Файзуллаев Ўзбекистон Олимпиа терма жамоаси сафида ҳам чап, ҳам ўнг қанотда ҳужумлар уюштириш орқали фаоллик кўрсатгани таъкидланган.

 

«'Park de Prens' стадионига келган кўплаб мухлислари кўмагида Ўзбекистон Олимпиа терма жамоаси ҳеч қандай босимсиз ўйиннинг охиригача ҳисобни тенглаштиришга ҳаракат қилди. Мазкур ғалаба Испанияни «C» гуруҳида биринчи ўринга олиб чиқди. Бироқ, Ўзбекистон кейинги рақиблари – Миср ва Доминикан Республикасига бўлажак баҳслар осон кечмаслиги ҳақида олдиндан хабар юборди», – деб ёзган мазкур маҳаллий электрон нашр.

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//