Тимур Кападзе кечаги ўйин ва Миср билан бўладиган баҳс ҳақида гапирди

Сақлаш
16:45 / 25.07.2024 157 0

Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси бош мураббийи Тимур Кападзе кечаги учрашув ҳақида фикр билдирди:

 

«Испанияни кучини яхши билардик. Уларни ўрганиб чиқдик. Ҳар бир баҳсларини таҳлил қилишга ҳаракат қилдик. Бизга қарши ўтган аввалги ўртоқлик учрашувдаги ҳаракатларни ҳам кўриб чиқдик. Тўғри, бу таркиб Тошкентга келганлардан анча фарқ қилади, лекин мураббий ўша, тактика ўша. Тўғри Испания кучли, бироқ биз ҳам кучсиз эмасмиз. Жамоам ҳам кучли. Кучимиз етади деб ўйлайман.

 

Қаердадир омад етишмади, ҳужумларимизда озгина аниқлик етишмади. Биз бундан-да яхшироқ ўйин кўрсатишимиз мумкин эди деб ўйлайман. Шунинг учун ушбу ўйиндан тўғри хулоса чиқаришга ҳаракат қиламиз. Таҳлил қиламиз. Биз иккинчи учрашувга тайёргарликни бошладик. Ўйлайманки, бу ўйин биз учун яхши бўлди. Ҳаммани текширдик, балки бу ўйин орқали футболчиларни ўз ишончини оширишга ёрдам берди деб ўйлайман. Биринчи бўлимда яхши ўйнадик, балки ундан-да яхши ўйнашимиз ҳам мумкин эди, иккинчи бўлимда ҳам ёмон ўйин кўрсатмадик деб ўйлайман.

 

Балки иккинчи бўлимда ҳужум чизиғимиз озгина чарчаб қолди, балки ҳали тўлиқ формага кириб олмаганми? Биласизлар, ҳужум чизиғи вакиллари энди машғулотларга киришишди. Кейин иккинчи бўлим бошларида бизда бўшлиқлар пайдо бўла бошлади. Айниқса, бўлим аввалида. Голларга эътибор берсак, ўтказиб юборилган голларда ўзимиз хатоларга йўл қўйдик. Агар ҳимоя ва ярим ҳимоядаги футболчиларимиз яхшироқ ўйин кўрсатганида биз бу голларни ўтказиб юбормаган бўлардик.

 

Биринчи голни жаримадан ўтказдик, ушбу вазиятда ҳам анча совуққон ўйнашимиз мумкин эди. Испанияда биринчи бўлимда бундан бошқа вазият бўлди деб ўйламайман. Ўзимизнинг вазиятлардан фойдаланганимизда янада яхшироқ бўлармиди деб ўйлайман. Умуман олганда, иккинчи бўлимда ҳужум чизиғимизда чарчоқ сезилди. Ўзгаришлардан сўнг яна барчаси жойига тушди. Майдонга тушганлар ўйини кучайтиришди. Баҳс якунида жамоамиз дурангга эришиши ҳам мумкин эди. Умуман олганда, бугун йигитлар яхши ҳаракат қилди. Бироқ мен уларни бундан-да яхши ўйин кўрсатишларига ишонаман».

 

Мураббий, шунингдек, кейинги тур (Мисрга қарши ўйин) бўйича ҳам фикр билдириб ўтди:

 

«Гуруҳдаги иккинчи учрашувни ҳали кўрмадим. Сабаби биз йўлда эдик. Энди кўрамиз. Мисрга қарши учрашувга тайёргарликни бошлаймиз. Уларга қарши уйда ўйнаган ўйинимизни, бугунги ва бошқа учрашувларини таҳлил қилиб чиқамиз. Керакли нарсаларни оламиз. Балки бугунги ўйин дуранг бўлгани биз учун яхшиликкадир. Сабаби ҳар икки жамоа ҳам бир очкодан қўлга киритди. Кураш олдинда, ўйлайманки, биз ҳам яхши тайёргарлик кўриб, ғалаба қозонишга ҳаракат қиламиз. Кўриниб турибди, Миср ҳамда Доминикан Республикаси ҳам яхши даражадаги жамоалар».

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//