Буюк қалб соҳибига эҳтиром

Сақлаш
19:55 / 24.07.2024 186 0

Инсон кўп йиллик орзуларига кетма-кет етишаверса, бироз саросимага тушиб қоларкан. Олдин ҳам ўзим мансуб бўлган илм ва ижод аҳлига нисбатан ёмон яшамаганман. Аммо сўнгги йиллардаги шахсий ҳаётимдаги ўзгаришларни санасам, адоғига етмагудекман:

 

- Йигирма йиллик прописка балосидан осонгина қутулдим;

- ўн беш йиллар ўзимга боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра пайсалга солинган «Алишер Навоий асарларида Қуръон оятлари ва ҳадисларнинг бадиий талқини» мавзусида диссертациямни ҳимоя қилдим;

- ўзимизда еттита, хорижда иккита китобим чиқди;

- китоб ва мақолаларимга яхшигина гонорар олишни бошладим;

- Ҳирот шаҳрида жойлашган, Ҳазрат Навоийнинг мақбарасини зиёрат қилиш бахтига эришдим;

- давлатимиз Раҳбари ташаббуси билан чоп этилган ўттиз жилдлик «Истиқлол даври навоийшунослиги» тадқиқотлар мажмуасини тайёрлашда қатнашдим;

- туҳмат билан тўққиз ярим йилга қамалиб чиққан дўстим оқланди;

- қизим Президент мактабида ўқияпти…

 

Энг муҳими – олим сифатида, фуқаро сифатида жамиятда ўз ўрним, ўз миссиям борлигини сеза бошладим.

 

Инсоният технократия асрида фақат ақл билан иш тутиб, қалб аталмиш неъматни унутмоқда. Ҳамма нарса манфаатлар асосида қурилаётган даврда сен яшаётган мамлакатнинг раҳбари одил ва буюк қалб соҳиби бўлса, бундан ортиқ бахт борми дунёда?..

 

Мен Президентимизни илоҳийлаштириш фикридан мутлақо йироқман. Президентимиз – ҳақиқий Инсон. Одамийлик мезонларига қатъий риоя қиладиган, адолат ва ҳақиқатни ҳаётий маслагига айлантирган Ҳазрати Инсон.

 

Юртимизнинг энг чекка ҳудуддаги нотавон ва бечора кимсаларга қадар бу Инсоннинг меҳри қуёшдек ёруғлик ва ҳарорат бағишлайди.

 

Дунёнинг етти иқлимида ризқ талабида сочилиб кетган ватандошларимиз шу Инсоннинг муруввати ва кўмаги паноҳида яшамоқда.

 

Кўчаларимиз кечаю кундуз сокин ва ойдин, тинч ва осойишта.

 

Болаларимиз орзулари покланиб, йириклашиб бормоқда.

 

Қисқаси, ўтган саккиз йил саккиз миллион ўзбек оиласининг ҳар бирида яхши, ёруғ кунлари кўпайгани рост.

 

Орифлар султони Жунайд Бағдодий «Умрингизда агар биттагина дуойингиз мустажоб бўлгудек бўлса, мамлакат султонини дуо қилинг. Чунки султоннинг иши ўнгласа, бутун раиятнинг ҳаёти ўнгланур», деб насиҳат қилган экан. Миллионлаб юртдошларимиз муҳтарам Президентимизни кечаю кундуз дуо қилади. Элнинг дуолари мустажоб бўлмоқда: барча соҳаларда ислоҳотлар мевасини беряпти.

 

Бугун муҳтарам Президентимизнинг таваллуд айёми. Шу баҳонаи сабаб кўнглимдаги бир гапни айтсам: ҳалол ризқ билан рўзғор тебратиш, илмий-ижодий орзуларим рўёбга чиқишига шароит яратиб берган буюк Қалб соҳиби, одамийлик илмининг академиги, буюк Тарих яратувчиси, муҳтарам Президентимиздан умрбод миннатдорман. Таваллуд айёмингиз муборак бўлсин, Юртбошим!

 

Олимжон Давлатов

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//