Маҳрга автомобиль сўраса бўладими? Бунга куёвнинг қурби етмасачи?

Сақлаш
16:35 / 24.07.2024 408 0

Маҳр тенг ҳуқуқли никоҳ (завож) тузилган пайтда хотинига ажратиб берадиган мулкдир. Маҳр тўлаш эса шундай никоҳнинг асосий шарти бўлиб, никоҳ муносабатлари учун хотинга тўланадиган ҳақ сифатида қаралади.

 

Ҳозирда ижтимоий тармоқларда маҳр масаласига оид муҳокамалар авж олмоқда. Шуларни ҳисобга олган ҳолда, Ойина.уз портали маҳр бўйича берилган саволларга диний уламолар томонидан берилган жавобларни келтириб ўтади.

 

Савол: Келин куёвдан тоқати етмайдиган нарса сўраса(масалан, автомобиль ва ҳоказо), куёв қандай йўл тутади?

 

Жавоб: Бу келин ва куёвнинг келишувига боғлиқ нарса. Аммо ҳадисларда катта маҳрни сўровчи аёлда барака бўлмаслиги зикр қилинган. Валлоҳу аълам.

 

Савол: Никоҳ узуги маҳрга ўтадими?

 

Жавоб: Маҳрга ўтади. Валлоҳу аълам.

 

Савол: Мен аёлим билан никоҳланаётганимда домла келиндан «куёв маҳрга нима берсин» деб сўраган эди. Келин «икки хонали уй қуриб берсин» деган эди. Мен рози бўлган эдим. Лекин бир неча йилдан бери ўзимиз ижара уйда яшаймиз. Маҳрда белгиланган уй қуриб беришга имкон бўлмади. Мен аёлимга маҳрга уйни ўрнига маълум миқдорда пул берсам бўладими?

 

Жавоб: Аёл шунга рози бўлса, жоиз. Агар рози бўлмаса, ўша белгиланган нарсани олиб беришингиз шарт. Валлоҳу аълам!

 

Савол: Маҳрнинг энг ози ўн дирҳам экан. Унинг пулимиздаги қиймати неча сўм бўлади?

 

Жавоб: Бизнинг мазҳабимизда маҳрнинг энг оз миқдори ўн дирҳам кумуш деб белгиланган. Кўпининг эса чеки йўқ, аммо ҳадиси шарифларда маҳрнинг ҳам озига қаноат қилган аёллар мақталган.

 

Бир дирҳам замонавий ўлчовда 3,12 граммдир, уни ўнга кўпайтирсак 31,2 грамм бўлади. Никоҳ шартномаси тузилаётганида 31,2 грамм кумушнинг қиймати сўмда қанча бўлса, ўша маҳрнинг энг кам миқдори бўлади. Бундан маҳрга ана шу миқдордан ортиқ бериб бўлмас экан, деган хулоса чиқмайди. Динимиз жамиятнинг барча қатлами манфаатини тенг ҳимоя қилгани учун уларнинг энг камбағалига ҳам малол келмайдиган миқдорни белгилаган. Кимнинг шароити кўтарса, бундан кўпроғига қодир бўлса, кўпроқ ҳам бераверади. Валлоҳу аълам.

 

Савол: Мен 2012 йил уйланганман маҳр беролмаганман. Ҳозир бермоқчиман. Шунда маҳр ўша 2012 йилдаги ҳисобдан бериладими ёки ҳозирги йил ҳисобиданми?

 

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Никоҳ пайтида маҳрга бирор қимматли нарса, масалан тилла узук ёки тилла сирға белгиланган бўлса, бугунги кунда нархи қандай бўлса ҳам эр ўшани олиб беради.

 

Агар маҳр сўм ёки доллар каби пул бирликларида белгиланган бўлса, ўша пул бирлигида белгиланган суммани бериши шарт бўлади. Пул анча қадрсизланди дейдиган бўлса, инсоф қилиб бирор нарса қўшиб бериши ҳам мумкин.

 

Агар никоҳ пайтида умуман маҳр белгиланмаган бўлса, эр маҳри мисл беради. Яъни, никоҳ битими тузилган пайтда, келинга ота томонидан ҳар жиҳатдан (ёши, ҳусни ва ҳоказо) тенг бўлган аёл қариндошлари қанча маҳр олган бўлса, ўшани беради. Валлоҳу аълам.

 

Савол: Уйланишда маҳрга аёлимга умрага олиб бораман десам бўладими? Маҳр ўрнига ўтадими?

 

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Умра ёки ҳажга олиб бориш ваъдаси маҳр бўлмайди. Уларнинг пулини берса, маҳрга ўтади. Валлоҳу аълам.

 

Савол: Қиз маҳрга бирор нарса сўраса, шу нарсани йигитнинг ўзи томонидан олиниши керакми ёки йигитнинг оила аъзолари томонидан олинган бўлса ҳам бўладими?

 

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Аслида аёлга бериладиган маҳр уни никоҳига олаётган эрнинг зиммасига вожиб бўлади. Аммо эрнинг номидан унинг яқинлари никоҳ вақтида айтилган маҳрни адо қилсалар ҳам маҳр ўрнига ўтади. Валлоҳу аълам.

 

Савол: Ўғли уйланаётган вақтда келинга маҳр сифатида отасининг уйини бериши мумкинми? Бу маҳрга ўтадими?

 

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Гарчи отасининг уйи бўлса ҳам маҳрга келишилган уй отанинг мулки бўлса, уни маҳр сифатида аёлига бера олмайди. Чунки у бировнинг мулки ҳисобланади. Бировнинг мулкини эса, бошқага сотиши, ҳадя қилиши ёки маҳр сифати бериши дуруст эмас. Валлоҳу аълам.

 

Бу борада фиқҳий манбаларда шундай баён қилинган: «Бирор нарсани ҳадя қилишнинг шартларидан бири шу нарса ҳадя қилувчининг мулки бўлиши керак. Бошқанинг молини унинг изнисиз ҳадя қилиш мумкин эмас. Чунки ҳадя қилувчининг мулки бўлмаган нарсани бошқага бериш имконсиздир» («Фатовои Оламгирия» китоби).

 

Аммо отаси уйни ўғлига ҳадя қилган бўлса, шунда ўғил уйни аёлига маҳр сифатида бериши мумкин. Уй келинга маҳр бўлиб ўтгандан кейин бутунлай унинг ҳақига айланади. Валлоҳу аълам.

 

Савол: Турмушга чиқаётганимда маҳрга 5 млн сўм пул сўраганман, рози бўлганлар. Институтда контрактда ўқирдим. Хўжайиним 4 млн 400 минг сўмни контрактимга тўлаётганларида «маҳрдан кетяпти шу пул» деганларида, «майли» деганман. Лекин кейин билсам маҳрни аёлни қўлига бериши керак экан. Аёл маҳрини хоҳлаган нарсасига ишлатишига ҳақли экан. Шу билан менинг маҳрим тўланган ҳисобланадими?

 

Жавоб: Ёзишингизча «контрактимга тўлаётганларида маҳрдан кетяпти» деганда «майли» деган экансиз. Шу билан маҳрнинг ўшанча қисмидан кечган бўласиз. Валлоҳу аълам!

 

Саволлар ва жавоблар Islom.uz ва Fatvo.uz'дан олинди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//