Сардор Раҳимхон иштирокидаги «илон шоу» уюштирилгани маълум бўлди

Сақлаш
21:38 / 23.07.2024 205 0

 

Наманган вилояти Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси ижтимоий тармоқларда «Сардорга бўғма илон ташланди. Етимлар хавф остида қолди» сарлавҳаси остида тарқалган, хонадонга питон илони кириб қолгани акс этган видеога муносабат билдирди.

 

Хабарда айтилишича, видеодаги илон тури Наманган вилоятидаги давлат ҳисобига қўйилган «Косонсой дорбозлари» номли хусусий ҳайвонот боғига тегишли. Ҳайвонот боғи директорининг таъкидлашича, 2024 йилнинг 19 июль куни илон видео олиш учун олиб кетилган ва кўп ўтмай қайтариб берилган. Ушбу илон сунъий боқилиши натижасида одамларга ўргатилган, ҳеч кимга ҳеч қандай зарар етказмаган.

 

Бошқарма, Экология вазирлиги томонидан Вазирлар Маҳкамасининг «Ёввойи ҳайвонларни сақлаш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» қарор лойиҳаси Вазирлар Маҳкамасига тасдиқлаш учун киритилгани, унда ёввойи ҳайвонлардан цирк томошаларида фойдаланиш, жамоат жойларида олиб юриш ва сайр қилдириш, махсус қафассиз бошқа жойларга ташиш, ҳайвонлардан фойдаланган ҳолда фото ва видео тасвирларга тушириш, телекўрсатувларда ва бошқа тадбирларда ҳайвонларни намойиш этиш мақсадида олиб бориш ёки бошқа шахсларга фойдаланишга бериш, шунингдек, сотиш, совға қилишни тақиқлаш кўзда тутилгани эслатган.

 

 

 

 

Олдинроқ Сардор Раҳимхон ўз Инстаграм саҳифасида видеодаги илон тропик мамлакатларда учраши, Ўзбекистонда, айниқса, аҳоли яшаш жойларида учрамаслигини таъкидлаган, видеотасвир уюштирилган бўлиши мумкинлигини айтган одамларни фитнадан узоқ бўлишга чақириб, уларни троллар, ясама аккаунтлар, золимлар деб атаганди.

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//