АҚШда ўзбекистонлик йигит оиласининг 4 аъзосини пичоқлаб ўлдирди. Ҳодиса тафсилотлари

Сақлаш
00:32 / 23.07.2024 305 0
Фото: The New York Times

Нью-Йоркнинг энг гавжум туманларидан бири Бруклинда ўзбек оиласининг 4 нафар аъзоси, жумладан она ва кичик ёшдаги икки нафар бола ўз уйида пичоқлаб ўлдирилган ҳолатда топилди, деб хабар беради New York Times. Полициянинг аниқлик киритишича, вафот этганлар 56 ёшли Мавлуда Файзиева, унинг 27 ёшли келини Мафтуна Ҳакимова ва Ҳакимованинг 4 ва 5 ёшли фарзандлари Тимур ҳамда Камила Шавкатовалар бўлган. Улар сўнгги 10 йилда Бруклиндаги ушбу квартирада яшаб келган.

 

Қотиллик жума куни кечқурун содир этилган. Шанба куни тонгда полиция гумонланувчини ҳибсга олган.

 

Қотил – қурбон оиланинг аъзоси, Америка банки мутахассиси бўлган

 

New York post нашрининг маълум қилишича, полиция жиноят содир бўлган хонадонга кирганида 56 ёшли аёл жасадини бўйнида бир нечта пичоқ жароҳати билан, кўрпага ўралган ҳолда топади. Уйни айланиб чиққанида эса икки боланинг жасади кир ювиш халтасига солиб, шкафга беркитилгани аниқланади. Унинг яқинида яна бир 27 ёшли аёл жасади топилади.

 

 

«Унинг бутун дунёси вайрон бўлди» – воқеадан даҳшатга тушган қўшнилар жиноят ҳақида

 

ABC7 нашри жиноят бўйича қўлга олинган шахс – Файзиеванинг ўз фарзанди Шаҳбоз Ражаббоев, ўлдирилган болалар эса жиноятчининг жиянлари бўлиши мумкинлигини айтган. Бу ҳақда жиноят содир бўлган оиланинг қўшнилари маълум қилган. Улардан бирининг айтишича, ўлим ҳақидаги хабар кутилмаганда пайдо бўлиб, ҳайратлантирган. Чунки бинодаги ҳамма бир-бирини яхши таниган.

 

 

«Бу ердаги аксарият одамлар узоқ йиллардан буён истиқомат қилади, – дейди фуқаролардан бири. – Барча бир-бирини яхши танийди, ёрдам беради. Бу ёмон туман эмас».

 

«Нега полиция чақирмадим? Нега эшик олдига келмадим?» – дейди шахсини ошкор этишни истамаган, жиноят вақтида турли қичқириқ овозига гувоҳ бўлган қўшнилардан бири.

 

«Ота ташқарида узоқ йиғлади. Унинг бутун дунёси вайрон бўлди. У бир вақтнинг ўзида онаси, турмуш ўртоғи ва фарзандларидан айрилди» – дейди ўша бинонинг бешинчи қаватида яшовчи Женнифер Понзи.

 

New York Times нашрининг аниқлик киритишича, қурбон болаларнинг отаси уйга келганида қўллари тирналган ва қонга беланган Ражаббоевга тўқнаш келиб, «онам қани», деб сўрайди. Укаси эса «Боринг, уни топинг!» деб қўпол оҳангда жавоб қайтаради. Шундан кейин у уйига кириб, пичоқланган онасини кўради:

 

... Бироздан сўнг уйга кириб, югуриб қайтиб чиқади ва: «онам полда жуда кўп қон йўқотиб ётибди. Мен оиламни тополмаяпман», – деб йиғлаганини эслайди қўшнилардан яна бири.

 

Шундан кейин у полицияга қўнғироқ қилиб, онасидан бошқа қурбонларни тополмаганини айтади. Полиция етиб келгач, квартирага бирга киради ва қолган 3 нафар қурбонни яширинган жойдан топади. Бу орада Ражаббоев қайтиб келиб, «Менинг айбим йўқ! Мени ҳибсга олинг! Бу мен эмасдим!» деб бақиради. Орган ходимлари уни ўша ерда қўлга олади. Бу вақтда гумонланувчи квартирада яна бошқа биров бўлганини айтади.

 

 

Терговчилар жиноят маиший муаммолар ортидан юзага келган бўлиши мумкинлигини тахмин қилмоқда.

 

Баъзи манбаларда қотил гиёҳванд моддаларга ружу қўйгани, руҳий носоғлом бўлиши мумкинлиги ва оила аъзолари уни кўпинча ташқарига чиқармагани айтилган. Бироқ бу маълумотлар ўз исботини топмаган: Ражаббоевнинг ижтимоий тармоқлардаги, хусусан, LinkedInʼдаги саҳифасида келтирилган маълумотларга кўра, у АҚШнинг энг йирик банкларидан бири Bank of Americaʼда дастурчи сифатида ишлаб келган.

 

Шаҳбоз Ражаббоев Нью-Йорк полицияси томонидан расман жиноятчи деб топилиб, унга қарши расмий айблов эълон қилинди. Жиноятчи 4.1 ва 4.2-даражали қотилликни амалга оширганликда айбланиб, унга 200 йиллик қамоқ жазоси тайинланиши мумкин.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//