«Лукойл» компанияси Ўзбекистонда нарх манипуляциясига йўл қўйгани исботланди

Сақлаш
14:58 / 19.07.2024 233 0

Россиянинг «Лукойл»  компанияси шуъба корхонаси бўлган Lukoil Overseas Supply and Trading (Кипр) корхонаси Ўзбекистонда нарх манипуляцияга йўл қўйгани исботланди, деб хабар бермоқда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси.

 

Аввалроқ, корхонага биржа орқали маҳсулотларни сотишда техник олтингугурт нархи манипуляцияси (бунинг ортидан унинг нархи ўртача 10 фоиздан 50 фоизгача кўтарилган) аломатлари билан иш очилганди. Хусусан, 10 июнда техник олтингугуртнинг биржа нархи 220,9 минг сўм бўлса, 20 июнь куни бир тоннаси 276,6 минг сўмга кўтарилган. 28 июнда нарх 52 минг сўмгача пасайган, кейинги савдо сессиясида эса бир тонна учун 280 минг сўмга ошган.

 

Компанияга нисбатан «Рақобат тўғрисида»ги қонун ва Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 18 мартдаги 170-сон қарори билан тасдиқланган низомни бузганлик белгилари билан иш қўзғатилган. Рақобат қўмитасининг янги маълумотларига кўра, компания ушбу қонун ва низомни бузгани тасдиқланган. Шу сабабли асоссиз олинган маблағни қайтариш қарори қабул қилинган.

 

«Қонун бузилишларини бартараф этиш ва кейинчалик йўл қўймаслик юзасидан бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатма берилди», деб ёзади қўмита.

 

Lukoil Overseas Supply and Trading LTD 2010 йил апрель ойида бир қатор газ конларининг маҳсулот тақсимоти бўйича келишувларни амалга ошириш жараёнида қўшма маҳсулотларни сотиш учун маркетинг компанияси сифатида ташкил этилган. Ўзбекистонда техник олтингугурт биржа бозорига 2015 йилда кирган. Бугунги кунда компания «Ўзбекнефтгаз» билан биргаликда техник олтингугурт бозорида устунлик қилувчи корхоналар реестрига киритилган.

 

Техник олтингугурт ўғитлар, пестицидлар, резина буюмлар, фармацевтика, бўёқлар, портловчи моддалар ва бошқа кимёвий маҳсулотлар ишлаб чиқаришда қўлланади. Олтингугурт нефть ва газни қайта ишлашда, қоғоз, тўқимачилик маҳсулотлари ва пластмасса ишлаб чиқаришда ҳам ишлатилади.

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//