“Уруш билан дунёни олиб бўлмайди”, “Берунийни ҳайратлантирган Бомиён”, “Глобал қишлоқ чегараси” – “Маънавий ҳаёт” журналининг янги сонида нималарни ўқиймиз?

Сақлаш
00:16 / 16.07.2024 240 0

“Уруш мавзусида қалам тебратган адиблар Лев Толстой, Ҳемингуэй, Ремарк, ўзимизнинг Шуҳрат домла ва бошқаларнинг асарларида ҳам шу бир улуғ масала кўтарилади: инсон қадри! Бу асарларнинг ҳар бирида урушнинг мантиқсиз жараён экани айтилган ва қораланган. Аммо, аттангки, урушлар ҳалиям давом этмоқда. Ҳалиям бегуноҳ жонларнинг ёстиғи қуриб, болаларнинг доду фарёдини ўқлар товуши босиб урушлар давом этмоқда.” 103 ёшли, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчисининг ҳаёт, инсон, умр ҳақидаги мулоҳазалари ёзилган “Уруш билан дунёни олиб бўлмайди” мақоласининг тўлиқ матни билан “Маънавий ҳаёт” журналининг 2024 йил 2-сонида танишинг.

 

“Узоқ вақт бегона юртда юрганда ўзбек бўлиб қолиш, ўзликни, миллийликни сақлаш жуда қийин экан. Лекин бу нарса жуда ҳам муҳим. Айримлар хорижда европалашиб ё хитойлашиб кетади. Бунга қаршиман, албатта. Боламнинг тарбиясида ҳам бунга алоҳида эътибор бераман. Айниқса тил масаласида қаттиққўлман.” Журналнинг “Замон ва замондош” рукнида хорижий давлатларда ўз илми, салоҳиятини намоён этиб, ўзбек номини оқлаб, кези келса ҳимоя қилаётган шижоатли ўзбек қизларининг “Ўзга юртда ўзликни асраш” ҳақидаги фикр-мулоҳазалари эълон қилинган.

 

“Ҳайп – бу сўз жадаллик билан оммалашиб бораётгани туфайли унга муқобил сўзни топиш жуда ҳам зарур. Назаримда, ушбу сўзни шов-шув тарзида қўллаш мумкин.”  “Эшиклар очиқ, лекин...” мақоласида она тилимизга кириб келаётган ҳамда ўзлашаётган янги (чет) сўзлар ва уларнинг бисотимиздаги муқобили ҳақида мутахассисларнинг тавсиялари билан танишасиз.

 

Журналнинг кейинги саҳифаларида “Биз нималар ҳақида сўзлашамиз”, “Довруғи Олатовдан ошган адиб”, “Юрак саҳнасидаги кечмишлар”, “Тавба саодати”, “Сим-сим, эшигингни оч ёхуд тилсимланган эртаклар” мақолалари, “Келажакни математикага асосланиб қуришимиз керак” суҳбати, “Номаълум рассомлар мероси”ни ўқишингиз мумкин. Шунингдек, “Дунёнинг миллий шоири”, “Қалтис саволларга нозик жавоблар”, “Лойқа сериаллар” ҳақида сўз боради.

 

“Мен нега суҳбатдошларим, яъни “сиз”дан гап бошлаб, давомида “биз”га, “миз”га ўтдим? Чунки биз кучли бўлсак, гапларимиз таъсирчанроқ бўлса, “сиз” сустлашар эди. Бизнинг овозимиз “сиз”нинг овозингизни босиб кетолмаётган экан, демак, ўзимизни айбдан ташқарида санашимиз нотўғри бўлади.” “Биз нималар ҳақида сўзлашамиз” мақоласидан олинган бу парчани журналнинг мазкур сонига хулоса ўрнида келтирдик. “Маънавий ҳаёт” билан “миз” ва “биз” ичида бўлинг, бирдамликни англанг.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//