Сел оқизиб кетган қурбонларнинг шахси маълум бўлди

Сақлаш
19:33 / 15.07.2024 221 0

Ижтимоий тармоқларда Андижон вилояти Хўжаобод туманидан оқиб ўтувчи «Шаҳрихонсой»дан кичик ёшдаги шахснинг жасади топилгани ҳақида хабарлар тарқалди.

 

Андижон вилояти ҳокими матбуот котибининг маълум қилишича, кичик ёшли бола тахминан 5-6 ёшда бўлиб, у аёл жинсига мансуб.

 

Жалақудуқ ва Хўжаобод туманлари ҳудудидаги тезкор ўрганишлар давомида ушбу шахс ҳудуддаги бу ёшдаги фарзандини йўқотган ҳеч бир оилага боғлиқ эмаслиги аниқланган.

 

Ўрганишлар жараёнида қурбон Ўш шаҳридаги оилалардан бирига тегишли экани тасдиқланди.

 

Бунда олинган фотосуратлар Ўшдаги оила вакилига кўрсатилган. Якунда ушбу шахс қизалоқ унинг ўз оиласидан эканини тасдиқлаган.

 

Қирғиз нашрларининг ёзишича, сел қурбонига айланган қизнинг онаси ҳам топилган. У ҳам сел оқибатида ҳалок бўлган.

 

Бугун, 15 июль куни Қирғизистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги қутқарувчилари сел олиб кетган аёлнинг жасадини топган.

 

Жасад соат 11:30 да Ўш шаҳрининг Катта-Терек ҳудудидан оқиб ўтувчи Оқ-Буура дарёсидан, Ўзбекистон чегарасидан 500 метр узоқликда топилган.

 

Аниқланишича, ҳалок бўлган шахс 1980 йилда туғилган Н.Д. бўлиб, у «Тўлойкан» қишлоғидаги «Мол-булоқ» дам олиш масканига келиб, бедарак йўқолганлардан бири.

 

Айни пайтда аёлнинг яна икки қизи бедарак йўқолган.

 

Маълумот учун, 14 июль куни кучли ёғин оқибатида Қирғизистоннинг «Тўлойкон» ва «Бўрубай-ота» қишлоқларига сел келган. Табиий офат Оқ-Буура дарёси қирғоқларидан тошиб ўтган ва Ўш шаҳрининг бир қисмини сув босган. Бедарак йўқолганларнинг умумий сони 5 нафар. Ҳозирда Ўшда фавқулодда ҳолат жорий этилган.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//